August 1, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Нефть ва газ обектларида амалга ошириладиган харидлар жараёни ўрганилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва қайта ишлаш корхоналари томонидан олиб борилаётган харидлар жараёни, омборларда товар-моддий ресурсларининг ҳисобини юритишни рақамлаштириш ва автоматлаштириш ишларининг бориши ҳолати доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Навбатдаги назорат тадбирлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ Харидлар департаменти ходимлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган Муборак газни қайта ишлаш заводи, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ ҳамда Шўртан ва Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида олиб борилди.

Жойлардаги харид бўлимлари ходимларига харидлар жараёни холис, шаффоф, коррупцияга йўл қўймаган ҳолда, шунингдек, молиявий маблағларни оқилона, тежамкор ва самарадор сарфлаш – энг асосий вазифалардан бири эканлиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ташриф давомида мазкур завод ва бошқармалар томонидан амалга оширилган харидлар ҳолати ўрганилди. Хусусан, талабномаларни шакллантириш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация даражасини янада кенгайтириш, харидлар жараёнларини тизимлаштириш ва рақамлаштириш ишлари назоратдан ўтказилди. Харид жараёнларида аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шунингдек, бурғилаш ишлари учун келтириладиган импорт товарларни сақлаш бўйича ижара асосида хизмат кўрсатувчи омборлардаги моддий-техник ресурсларнинг тўғри сақланиш ҳолати ва кирим-чиқим ҳужжатларининг юритилиши текширилди.

Бундан ташқари Шўртан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва Муборак газни қайта ишлаш заводига қарашли омборхоналардаги товар-моддий ресурсларнинг тўғри ва тартибли жойлаштирилганлиги ҳамда Жамият харажатларини оптималлаштириш мақсадида, ижара асосида сақлаш хизматларини камайтириш ҳисобига келгусида ушбу омборхоналардан кенг фойдаланиш имкониятлари ўрганилди.

Шу билан бирга, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2023 йилда харид қилиниши режалаштирилаётган товарлар (иш ва хизматлар) рўйхатини молиявий имкониятдан келиб чиққан ҳолда шакллантириш жараёнида юзага келаётган муаммоли масалалар муҳокама қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|