September 12, 2023

“SOCAR” компанияси билан кимёвий реагентлар ва ускуналарни ишлаб чиқариш имконияти ўрганилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Озарбайжон Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувлар, шунингдек, 2023 йил 22 августдаги “Озарбайжон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида 2023-2025 йилларда энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича йўл харитаси”га мувофиқ “SOCAR” компанияси билан ҳамкорликда газ конларини ўзлаштириш учун кимёвий реагентлар ва ускуналарни республика ҳудудида ишлаб чиқариш имконияти ўрганилмоқда.

Ушбу ҳафтада "Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбарияти, Гузор тумани ҳокими ҳамда қўшма ишчи гуруҳи вакиллари томонидан Қашқадарё вилояти ҳудудида ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш ишлари кўриб чиқилди. Хусусан, туманда жойлашган иқтисодий зонада ишлаб чиқариш объекти афзалликлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, икки компания малакали мутахассислари томонидан қудуқларни бурғулаш ва таъмирлаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва кимёвий реагентлар таркиби таҳлили ўтказилди. "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги қудуқларни бурғилаш, капитал таъмирлаш учун импортдан харид қилинадиган 200 турдан ортиқ эҳтиёт қисмлар номенклатураси, иқтисодий ва техник кўрсаткичлари бўйича ахборот берилди.

Ўз навбатида ишчи гуруҳ учун “НИПИ Нефтегаз SOCAR” (Озарбайжон) негизида бурғилаш ва қазиб олиш корхоналари эҳтиежи учун зарур бўлган кимевий реагентлар, ускуналарни ўзлаштириш бўйича ижобий тажриба юзасидан тақдимот ўтказилди.

Томонларнинг келгуси ҳаракатлари ва ишлаб чиқаришнинг дастлабки йўналишларини аниқлаш бўйича “НИПИ Нефтегаз SOCAR” (Озарбайжон) билан ҳамкорликда лойиҳанинг дастлабки концепцияси ва техник иқтисодий кўрсаткичларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube