February 2, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги "Ишчи гуруҳ" Қашқадарё вилоятида жойлашган конлардан табиий газ қазиб чиқариш ҳолатини ўрганмоқда

Бош саҳифа Русский

Аввал хабар берилганидек, куз-қиш мавсумида республикамиз аҳолиси ва саноат объектларини табиий газ ва ёқилғи маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда 2023 йилда табиий газ қазиб чиқариш режа-кўрсаткичларини бажарилишини таъминлашга қаратилган геологик-техник чора-тадбирлар ижроси “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида доимий назорат қилиб борилмоқда.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан навбатдаги назорат тадбирлари Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида олиб борилди.

Ташриф кун тартибига кўра, дастлаб “Шўртан” конидаги 352-, 362-, 348-, 361- ва 393-сонли ишлатиш қудуқларининг фаолияти билан танишилди. Бурғилаш майдонларида пудратчи ташкилот ҳамда “Шўртан” конига бириктирилган масъуллар иштирокида режада белгиланган кўрсаткичларининг бажарилиш ҳолати ўрганилди. Мавжуд муаммолар бўйича фикр алмашиниб, масъулларга уларни бартараф қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Айни пайтда Шўртан ҳудудида углеводородлар захираларини ошириш тадбирлари доирасида “Шўртан” (терриген) конидаги 1-сонли ва “Ниёз” майдонидаги 3-сонли излов-қидирув қудуқлари бурғиланмоқда.

Бошқарув раиси ушбу қудуқлардаги бурғилаш жараёни билан танишар экан, мутахассислар билан Шўртан ҳудудидаги излов-қидирув ишларининг истиқболларини ҳам муҳокама қилди. Ушбу ҳудудда жойлашган Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Шўртан газкимё мажмуаси ҳамда “Uzbekistаn GTL” заводининг ишлаб чиқариш қувватларини хом ашё гази билан таъминлаш учун янги истиқболли майдонларни топиш ва уларда бурғилаш ишларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

“Ишчи гуруҳ” томонидан “Ниёз” майдонида олиб борилган ўрганиш ишлари давомида коннинг истиқболларини баҳолаш мақсадида 10-О- сонли ишлатиш қудуғини бурғилаш жойи белгиланди. Масъул департамент бошлиқлари ва ташкилот раҳбарларига бурғилаш дастгоҳини ўрнатиш ва бурғилаш ишларини жадаллик билан бошлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Маълумот ўрнида келтириш жоизки, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ўтган 2022 йилда 11 та газ конларидаги 273 та ишлатиш қудуқларидан 8,95 млрд куб метрни табиий газа қазиб чиқаришга эришилди. Конлардан қазиб олинаётган газ 8 та газни дастлабки тайёрлаш қурилмаларида бирламчи тайёрланиб, Сиқув компрессор станцияларида босими оширилиб қайта ишлаш учун “Шўртан” бош иншоотига ва Шўртан газ кимё мажмуасига узатилди.

2023 йилда эса Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан жами 191 та геологик техник тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирлар доирасида 26 та қудуқни бурғилаш (шундан 3 та излов-қидирув қудуқни бурғилаш), 155 та қудуқда капитал таъмирлаш ва интенсификация ишларини амалга ошириш ҳамда 10 та технологик объектлар ишга туширилади. Натижада 1 148,1 млн куб метр табиий газ ва 13,2 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқаришга эришиш кўзланмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|