Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди
21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан пойтахтдаги Адиблар хиёбонида байрам табдири бўлиб ўтмоқда.
Эрта тонгданоқ юртдошларимиз, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари мазкур масканга ташриф буюриб, она тилимизга ҳурмат ва муҳаббат туйғусини ифода этмоқдалар.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, вазирлик ва идоралар, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар орасида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ходимлари ҳам фаол иштирок этди.
Тадбир доирасида жаҳон маданияти ва илм-фанида чуқур из қолдирган буюк мутафаккир, она тилимизнинг асосчиси, улуғ шоир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.
Бу хайрли анъана она тилимизни улуғлаш, унинг маънавий қудрати ва жаҳон миқёсидаги нуфузини янада ошириш йўлидаги садоқат рамзи бўлиб хизмат қилмоқда.