“Ўзбекнефтгаз”: “Арслон” қурилмасида қўшимча технологик тармоқни қуриш учун захирада турган ускуналардан фойдаланилмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасидаги газни комплекс тайёрлаш қурилмалари ишлаб чиқариш қувватини ошириш лойиҳасини жадаллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳага асосан, бошқармага қарашли “Арслон” газни комплекс тайёрлаш қурилмасида қўшимча технологик тармоқ қуриш орқали қурилма қувватини кенгайтириш вазифаси юклатилган.
Мазкур қўшимча технологик тармоқни қуриш учун сарфланадиган ҳаражатларни қисқартириш, иқтисод қилиш мақсадида тизим бошқармалари ва заводларда захирада турган мавжуд қувватлардан оқилона фойдаланилмоқда.
Айни пайтда захирадаги ускуналарни хавфсиз ва беталофат қайта қўлланилишини таъминлаш мақсадида диагностика ва тегишли ҳисоб-китоб ишлари олиб борилган ва хулосалар олинган.
Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Ишлаб чиқаришни техник тартибга солиш департаментининг Бош механик бўлими мутахассислари томонидан Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан ажратилган “С-103” сепаратори учун ҳисоб-китоблар бажарилиб дастлабки рухсат этилган босими аниқланди.
Шунингдек, мазкур сепараторни ишчи ҳолатини тиклаш мақсадида “Чирчиқ Маш” МЧЖда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сепараторга янги ички элементлар ўрнатилди ва хизмат кўрсатиш майдончаси билан жиҳозланди. Яроқсиз ҳолга келган зичлагичлар, тиргак қисми ҳамда фланец бирикмалари янгисига алмаштирилди. Таъмир якунида сепаратор гидросиновдан муваффақиятли ўтказилди.
“Арслон” газни комплекс тайёрлаш қурилмасида қўшимча технологик тармоқ қуриш жараёнида янги сепаратор харид қилиш ўрнига захирада ишлатилмай турган “С-103” сепаратордан фойдаланиш натижасида қарийб 1 млрд. сўм иқтисод қилинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш