September 21, 2022

"Ўзбекнефтгаз": Қудуқларни капитал таъмирлаш ва "риск-сервис" лойиҳаларини амалга ошириш бўйича "SOCАR" компаниясининг тажрибаси ўрганилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларидан иборат делегация қудуқларни капитал таъмирлашнинг янги технологияларини қўллаш борасида тажриба алмашиш ва риск-сервис шартлари асосида углеводород қазиб олишни кўпайтириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда "SOCАR" тажрибасини ўрганиш учун Озарбайжон Республикасига ташриф буюришди.

Ушбу ташриф “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “SOCAR” компаниялари ўртасидаги нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган 2022 йил 5 июлдаги “Йўл харитаси”га мувофиқ амалга оширилди.

Делегация аъзолари "SOCАR" компаниясининг конларни ишлатиш бўйича вице-президенти Яшар Лятифов ва компания менежментлари билан музокаралар олиб боришди. Унда “Йўл харита”сини амалга ошириш доирасида манфаатдор томонларни қизиқтирган масалалар муҳокама қилинди.

Делегация ишчи ташриф дастури доирасида "SOCАR Upstream” шўба корхонасининг "риск-сервис" шартлари ва маҳсулотларни тақсимлаш бўйича келишувлар асосида углеводород қазиб чиқаришни кўпайтириш лойиҳаларини амалга ошириш тажрибаси билан ҳам танишдилар.

Шунингдек, "Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари “НИПИ Нефтегаз SOCAR”га ташриф буюришди ва институт директори Фахраддин Исмаилов билан музокаралар олиб боришди. Унда қудуқларни капитал таъмирлаш масалалари муҳокама қилинди ва “НИПИ Нефтегаз SOCAR” томонидан ишлаб чиқилган ва Озарбайжон Республикасининг конларида муваффақиятли жорий этилган қудуқларнинг ускуналари бўйича тақдимот ўтказилди.

Ташриф кун тартибига кўра, "Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари “Binagadi Оil Company”, “Salyan Оil Ltd.” ва “Shirvan Operating Company LTD” операцион компаниялари фаолиятининг натижалари бўйича тақдимотлар билан танишдилар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш шартлари муҳокама қилинди. Шундан сўнг "Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари ишлатиш қувурини бутлигини тиклаш бўйича олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари билан танишиш мақсадида “Кюрсянги” конининг 677-сонли қудуғида ҳам бўлишди.

Бундан ташқари, "Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари "Азнефт" ИЧБда қудуқларни таъмирлашни режалаштириш, нефть ва газ унумдорлигини ошириш усуллари ва изоляция ишларини кўришди. Шунингдек, мутахассислар амалга оширилаётган ишлар билан танишиш учун “НИПИ Нефтегаз SOCAR”га қарашли тажрибали-синов ишлаб чиқариш базаси фаолияти билан ҳам танишишди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари томонидан "SOCАR" компанияси тажрибасини ўрганиш натижасида, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг қудуқларида “НИПИ Нефтегаз SOCAR”нинг сув оқимини изоляция қилиш технологиясини тажриба-синовдан ўтказишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖнинг “НИПИ Нефтегаз SOCAR” муҳандислик-техник ёрдами билан умумлаштирилган ускуналарни бир босқичли ишга тушириш технологиясидан фойдаланган ҳолда қудуқни ёнланма иккинчи ўзанини бурғилаш бўйича тажриба синов ишларини ташкил этиш ҳам кўзланмоқда.

"SOCАR" компанияси маҳсулотларни тақсимлаш бўйича келишувлар ва "риск-сервис" шартлари бўйича лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга эканлигини инобатга олган ҳолда, "Ўзбекнефтгаз" АЖда келгусида жорий этиш учун тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ва 25 та конда углеводород қазиб чиқаришни кўпайтириш лойиҳаларига пудратчиларни жалб қилиш бўйича ўтказиладиган танлов савдоларига “SOCAR” ва “GL Ltd.” LLC компанияларини таклиф этиш режа қилинмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|