February 10, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Суюлтирилган газ маҳсулоти юклаб жўнатилишида шаффоф механизм жорий қилинмоқда 

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги завод ва бошқармалар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг биржа савдолари орқали сотилиши ҳамда бозор иқтисодиёти механизмларининг фаол жорий қилиниши натижасида савдо жараёнлари шаффофлаштирилиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5031-сонли қарорига мувофиқ, биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги “Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг электрон логистика савдо порталини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 777-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ЎзРТХБ билан биргаликда маҳсулотларни етказиб бериш жараёнида тўлиқ рақамлашган шаффоф навбат тизимини назарда тутувчи юк ташувчилар ўртасида рақобатни таъминлайдиган электрон логистика савдо портали яратилган.

Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхонларида ҳам электрон логистика савдо портали тизими босқичма-босқич жорий қилиб борилмоқда. Жумладан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида суюлтирилган газ маҳсулотини биржа харидорларига етказиб бериш тўлиқ электрон логистика савдо портали орқали амалга ошириш йўлга қўйилди. Натижада, биржа савдолари орқали сотилган суюлтирилган газни ўрнатилган навбат билан юклаб жўнатилишида тўлиқ шаффофликни таъминлашга эришилди.

Жорий йил январь ойида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси орқали сотилган суюлтирилган газнинг барча ҳажми (932 тонна) ушбу портал орқали юклаб жўнатилди.

Орттирилган тажриба ва малакаларга таяниб электрон логистика савдо портали тизимини яқин орада Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан ва Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Юқоридаги тизимнинг тўлиқ ишга туширилиши орқали юк ташувчилар бозорида рақобат муҳити шакллантирилди ва юклаб жўнатиш учун навбатнинг шаклланишида тўлиқ шаффофлик таъминланди. Натижада харидорлар логистиканинг бошланғич нархларини пасайтиришга қаратилган аукцион ҳисобига ўз харажатларини мақбуллаштиришга муваффақ бўлишди. Улар учун электрон навбатнинг шакллантирилиши биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик каби юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бартараф этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари томонидан сифатли, дунё стандартларига мос маҳсулотларни ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш ва Республиканинг барча турдаги истеъмолчиларига биржа савдолари орқали узлуксиз етказиб бериш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|