September 17

Кадрлар тайёрлашда янги босқич

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Озарбайжоннинг “СОКАР” давлат нефт компанияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида “Персонални бошқариш” йўналиши бўйича бир гуруҳ мутахассислар “СОКАР”да стажировка ўташди.

Амалиёт давомида улар меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимларни самарали бошқариш, ташкилотни ривожлантириш ва самарадорликни ошириш соҳасида ўзаро тажриба алмашдилар.

Шунингдек, иштирокчилар “СОКАР” компанияси тизимидаги Боку олий нефт мактабида бўлиб, кутубхона, лаборатория, фаоллар зали ва талабалар турар жойи билан танишишди.

Ташриф давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ маблағлари ҳисобидан қўшма таълим дастури бўйича Боку олий нефт мактаби магистратурасида ўқиётган Тошкент кимё-технология институти ва Бухоро давлат техника университетининг 16 нафар талабаси билан учрашув ҳам ўтказилди. Унда талабалар ўз саволларига мутахассислардан жавоб олишди.

Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” ходимлари “СОКАР”нинг тренажёр ўқув марказида ҳам бўлишди.

Келгусида кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни кенгайтириш ишлари давом эттирилади.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати