“Ўзбекнефтгаз”: 3 нафар ходим “ACCA DipIFR” сертификатини қўлга киритди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан ишчи-ходимларнинг малакасини замонавий халқаро талабларига мослаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4611-сон қарорига мувофиқ, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар МҲХСни сифатли қўллаш учун 2021 йил якунига қадар халқаро сертификатларга эга камида уч нафар бухгалтерия хизмати ходимлари билан таъминланиши белгилаб қўйилган.
Ушбу ходимлар Халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёҳуд “Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)”, “Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)”, “Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)” ва “Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)” сертификатларидан бирига эга бўлишлари лозим.
Мазкур қарор ижросини бажариш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан тасдиқланган “Йўл харита”га мувофиқ, МҲХСни жорий этиш бўлими, Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаменти ходимлари учун махсус “МҲХС асослари” ва “МҲХС бўйича Диплом (DipIFR)” ўқув курслари ташкил этилди.
Маълумки, бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги мутахассисларга “DipIFR” халқаро бухгалтер сертификати, жаҳон миқёсида профессионал бухгалтерларни бирлаширувчи АССА ташкилоти томонидан тақдим этилади.
“АССА DipIFR” халқаро бухгалтер сертификати эга бўлиш учун АССА ташкилотининг ходимлари (жаҳондаги нуфузли бухгалтерия мутахассислари) томонидан ўтказиладиган малака имтиҳонини муваффақиятли топшириш зарур. Бутун жаҳон бўйлаб мазкур имтиҳон ҳар йили икки маротаба, йилнинг июнь ва декабрь ойларида ўтказилади. Ўзбекистонда мазкур имтиҳон Британия консуллиги томонидан ташкил этилиб, имтиҳон натижалари АССАнинг Лондондаги штаб-квартирасига юборилади.
Мазкур имтиҳонларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида
2021 йилдан бошлаб АССА DipIFR дипломини олиш учун имтиҳонлар компьютерларда, информацион технологияларни қўллаган ҳолда амалга оширилмоқда.
2022 йилнинг 8 декабрида ташкил этилган “АССА DipIFR”дипломини олиш учун имтиҳонда “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппаратининг ходимлари ҳам иштирок этишди. Ўтказилган имтиҳон натижалари жорий йилнинг 16 январида АССА ташкилотининг веб-сайтида эълон қилинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппарати Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаментидан 2 ходими - эксперт Ойбек Суюнович Зиятов ва бош мутахассис Мансур Обид ўғли Нортўраевлар 55 баллдан ҳамда Корпоратив муносабатлар департаменти бош мутахассиси Мария Геннадьевна Абдусаматова 67 балл тўплаб, имтиҳонни муваффақиятли топширишди ва “АССА DipIFR” халқаро бухгалтер сертификатига сазовор бўлишди.
Ушбу ютуқ ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” АЖда МҲХС асосида молиявий ҳисоботларни тузиш ва уни аудитдан ўтказишда, кредит рейтингини мустаҳкамлашга ҳамда ўз навбатида IPO жараёнларини муваффақиятли амалга оширишда катта аҳамият касб этади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш