October 16

Таъмирлаш ва модернизация ишлари муддатидан олдин якунланди

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумида ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлиги ҳамда бўлинмаларни иссиқлик ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, этилен ва полиэтилен ишлаб чиқариш, буғ газ ҳаво билан таъминлаш бўлинмаларидаги қурилмаларда эскириб қолган эҳтиёт қисмлар янгисига алмаштирилди. Иссиқлик алмашинуви аппаратларининг қувур боғламлари, пиролиз печининг қувурлари тўлиқ янгиланди. Полимер сепараторининг ички қисми тозаланди.

Электр таъминоти бўлинмасига қарашли дизель генератор қурилмасининг бошқарув тизими тубдан модернизация қилиниб, замонавий типдаги янги бошқарув панели ўрнатилди.

Шу билан бир қаторда,
✔️73 дона қувурузаткич техник кўрикдан ўтказилди;
✔️83 дона иссиқлик алмашиниш аппарати қувур боғламлари босим остида сув билан тозаланди ва таъмирланди;
✔️62 дона сақловчи клапан режали кўрикдан ўтказилди;
✔️42 дона босим остида ишловчи идиш ташқи ва ички кўрикдан ўтказилди;
✔️170 дона беркитувчи арматура ва клапан текширилди ва 249 дона электр жиҳози техник кўрикдан ўтказилиб, таъмирланди.

Шунингдек, тайёр маҳсулотлар ва хомашё бўлинмасининг автоматик бошқарув тизими модернизация қилинди. Натижада тизимнинг ишончлилиги ва функционал имкониятлари янада оширилди.

Барча ишлар саноат ва техника, газ, ёнғин ва электр хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда олиб борилди.

Модернизация жараёнларига хорижий компания мутахассислари жалб этилганлиги боис, технологик қурилма ва ускуналарни босқичма-босқич ишга тушириш ишлари муддатидан олдин муваффақиятли якунланди ва мажмуа одатий иш режимида иш бошлади.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати