December 9, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Харидлар жараёнининг очиқ ва шаффофлиги таъминланмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан харид жараёнларини автоматлаштириш орқали инсон омилини минималлаштириш, унинг шаффофлигини таъминлаш, рақобатни кенгайтириш эвазига барча учун тенг шартларда энг оптимал натижага эришиш энг асосий вазифа этиб белгиланган.

Жумладан, харид жараёнларини амалга оширишда бозор конъюнктурасини ўрганиш (маркетинг) муҳим босқич ҳисобланади. Ушбу босқичда харид қилиниши режалаштирилган товар-моддий ресурслар ҳамда хизматларнинг бошланғич нархи аниқланади. Аниқланган бошланғич нарх асосида харид тури (электрон дўкон, аукцион, энг яхши таклифларни танлаш, тендер савдолари ҳамда электрон кооперация портали орқали шартномалар тузиш) белгиланади ва кейинчалик харид жараёнлари ўтказилади. Ўз навбатида, ушбу босқичда ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи компанияларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ харид жараёнлари тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилади хамда кўплаб техник музокаралар ўтказилади.

Харид жараёнларини очиқлиги ва шаффофлигини янги босқичга кўтариш, бозор конъюнктурасини ўрганиш жараёнини автоматлаштириш, шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналарни харид жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида Жамиятнинг расмий веб-саҳифасида (www.ung.uz) “Маркетинг изланишлари” бўлими ишга туширилди. Мазкур бўлимда, маркетинг изланишлари олиб борилаётган товар-моддий ресурслар, иш ва хизматлар бўйича мунтазам эълонлар бериб борилмоқда.

Шунингдек, бугунги кун ахборот алмашунувида ижтимоий тармоқларнинг кенг оммалашганлигини ҳисобга олиб, ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчи компанияларга янада қулайлик яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида UNG Procurement (https://t.me/ung_procurement) номли канал ишга туширилди. Ушбу каналда маркетинг изланишлари ҳамда харидлар бўйича маълумотлар доимий равишда бериб борилмоқда.

Эндиликда, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар учун, Жамиятнинг веб-саҳифасида ва телеграм ижтимоий тармоғида маркетинг изланишлари олиб борилаётган товарлар ва хизматлар тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилди. Бу эса ўз навбатида харид жараёнларининг холислигини таъминлашда ҳамда иштирокчилар учун соғлом рақобат муҳитини яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, бугунги кун талабига ҳамоҳанг равишда, харидларни трансформация қилиш дастурига алоҳида эътибор берилмоқда. Ушбу дастур доирасида “KPMG” халқаро консалтинг компанияси билан ҳамкорликда норматив маълумотларни бошқариш бўйича ягона бизнес жараёнини ишлаб чиқиш ва жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа якунлари бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ харид жараёнларида ягона маълумотлар номенклатурасидан фойдаланиш, товар, иш ва хизматларга бўлган этиёжлар рўйхатини шакллантиришни автоматлаштириш, захиралардан оқилона фойдаланиш, маблағлар айланма ҳаракатини оптималлаштириш имкониятлари яратилиши кутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|