“Ўзбекнефтгаз”: 2023 йилда янги майдонларнинг нефть ва газга истиқболлиги ҳамда уларнинг излов бурғилашга киритишга тайёргарлиги кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор ва фармойишларига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ га Республиканинг Устюрт, Бухоро-Хива, Фарғона, Ҳисор ва Марказий Қизилқум регионларида геология-қидирув ишларини олиб бориш учун нефть ва газга истиқболли бир қатор кон ва майдонлар ажратилган. Ушбу майдонларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан кенг кўламда геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, 2022 йилда кон ва истиқболли майдонлар ҳудудида 3Д сейсмик-қидирув ишлари бажарилди. Йигирмага яқин янги майдонлар бурғилаш ишларига киритилиб, кенг кўламда излов-қидирув бурғилаш ишлари амалга оширилди. Натижада 5 та янги нефть ва газ конденсат конлари очилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш масалаларининг долзарблиги ҳамда келгуси йилларда Республика бўйича нефть ва газ геология-қидирув ишларини янада жадаллаштириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди ва бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ зиммасига қатор вазифалар юкланди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича углеводород хом-ашё базасини ривожланириш ва қайта тиклаш дастури ишлаб чиқилди.
Мазкур Дастур доирасида 2023 йилда бир қатор янги истиқболли майдонларни излов бурғилашга киритиш режалаштирилган. Шу сабабли, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан нефть ва газ геология-қидирув ишларини янада жадаллаштирилмоқда.
Ушбу мақсадда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Геология департаменти ва Давлат геология қўмитаси, “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда “Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти” Давлат муассасаси мутахассислари билан биргаликда “Ўзбекнефтгаз” АЖга 2023 йил учун ажратилиши зарур бўлган истиқболли майдонларнинг геологик ва геофизик маълумотлари кўриб чиқилди.
Учрашув давомида янги майдонларнинг нефть ва газга истиқболлиги ҳамда уларнинг излов бурғилашга киритишга тайёргарлиги кўриб чиқилди. Натижада, 2023-2024 йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан геология-қидирув ишлари ўтказилиши режалаштирилган истиқболли майдонлар рўйхати Давлат геология қўмитаси мутахассислари билан келишиб олинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш