“Ўзбекнефтгаз”: “Янги Алат” конидан кунига 800 минг куб метрдан зиёд газ қазиб олинадиган янги қудуқ очилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Республика аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари ва саноат корхоналарини барқарор равишда ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилиб, бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Давлат раҳбари "Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев олдига ҳам нефть ва газ геологиясини ривожлантириш, уни янги замонавий босқичга олиб чиқиш, хорижий консультантлар ва экспертларни жалб қилган ҳолда соҳада тегишлилиги бўйича бажарилиши керак бўлган вазифа ва топшириқлар белгилаб берилган.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ҳам Республикада янги углеводород конларини топиш ва қўшимча табиий газ заҳираларини аниқлашга қаратилган ишлар ўз самарасини кўрсатмоқда.
Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат геология қўмитаси ҳамкорлигида олиб борилган изланишлар натижасида 2022 йил бошида Бухоро вилояти ҳудудида “Янги Алат” инвестицион янги майдони мавжудлиги аниқланди.
Майдоннинг нефть ва газга истиқболларини баҳолаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан бурғиланган 1-сонли қудуқнинг 2300 метр чуқурлигидан кунлик 800 минг куб метрдан ортиқ табиий газ маҳсулоти олиниб, янги газ конденсат кони очилди.
Янги кондан табиий газ қазиб олишни жадаллаштириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2022 йилнинг сентябрь ойида “Янги Алат” 2 ва 3-сонли қудуқларни бурғилаш ишлари бошланган эди. Олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 3 декабрь куни “Янги Алат” конига қарашли 3-сонли қудуқнинг 2350 метр чуқурлигидан кучли газ маҳсулоти олинди.
Ҳозирда ер остидан чиқаётган табиий газнинг кунлик миқдори 800 минг куб метрдан зиёдни ташкил этмоқда ва уни тезкорлик билан газ узатиш тизимларига улаш ишлари олиб борилмоқда.
Тезкор таҳлилларга кўра, “Янги Алат” конида 2,0 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 100 минг тонна атрофида газ конденсати заҳиралари мавжудлиги аниқланди.
Шу билан бир қаторда ҳозирда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ушбу коннинг истиқболли ҳудудларини кенгайтириш, унинг қўшимча саноатбоп заҳираларини кўпайтириш ҳамда нефтгазлилик салоҳиятини самарали ўзлаштириш мақсадида кондаги 2-сонли қудуқда бажарилаётган ишлар ҳам якуний босқичга кирган.
Йил якунига қадар ушбу қудуқда ҳам синаш ишларини амалга ошириш ва бу орқали табиий газ ҳамда суюқ углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган барча тадбирлар жадаллаштирилган.
Бундан ташқари “Янги Алат” конида навбатдаги 4 ва 5 - сонли янги қудуқларни бурғилаш учун тайёргарлик ва лойиҳалаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Қўлга киритилган ушбу ютуқ маҳаллий ва хорижий етук мутахассис ва экспертлар ҳамкорлигида нефть ва газ геологияси йўналишида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрамига ўзига хос туҳфа бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Янги қудуқдан қазиб олинаётган табиий газ биринчи навбатда Республика аҳолисининг фаровонлиги ва иқтисодиётининг тараққиёти учун йўналтирилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республикада янги конларни очиш ҳамда углеводород заҳираларини кўпайтиришга қаратилган нефть ва газ геология-қидирув йўналишидаги амалий ишлар давом этмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|