September 13, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Комплаенс назорат тизимининг жорий йил 8 ойлик фаолияти сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгиланди

Бош саҳифа Русский

Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг оқибати билан эмас, балки сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича миллий амалиёт тадбиқ этилган.

Бу борада Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 4 апрелдаги 4664-сонли қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш, турли талон-торожликларни олдини олиш ва коррупция иллатига муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ташкил этилди.

Куни кеча “Ўзбекнефтгаз” АЖ Комплаенс назорат тизимининг 2022 йил 8 ойлик фаолияти сарҳисоб қилинди ва жорий йилдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари Сардор Мирзаев раҳбарлигидаги ўтказилган йиғилишда департамент бошлиғлари ва Молиявий ва комплаенс назорат департаменти масъул ходимлари иштирок этишди.

Йиғилиш кун тартибида дастлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ва комплаенс назорат департаменти томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида коррупцияга қарши курашиш, хавф-хатарларни баҳолаш ва минималлаштириш, молиявий хато-камчиликларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш йўлида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, корпоратив маданиятнинг ажралмас қисми сифатида “Ўзбекнефтгаз”АЖ ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, ички сиёсат ва процедуралари, шунингдек коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги юқори профессионал ва аҳлоқий меъёрларга риоя этилишини таъминланмоқда.

Шундай бўлишига қарамасдан, акциядорлик жамияти тизимидаги корхона ва ташкилотларда 2022 йилнинг 8 ойи давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида, қонунчилик нормалари бузилиши ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан Жамият Бошқаруви ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жамият фаолиятида очиқликни таъминлаш, коррупциявий ва ноқонуний ҳатти-харакатлар юзасидан Жамият ходимлари, қолаверса жамотчилик томонидан мурожаатларни ўрганиш мақсадида ташкил этилган алоқа каналлари орқали жорий йил бошидан нефть ва газ қазиб олиш бошқарма ва нефть базаларига келиб тушган жами 116 та ариза ва мурожаатлардан 113 таси кўриб чиқилган бўлса, яна 3 таси айни пайтда ўрганиш жараёнидадир.

Бундан ташқари, 24 та тизим корхоналари, бошқармалари ва нефть базаларида фаолият олиб бораётган 29 415 та ходимнинг 19 287 нафари (66 фоиз), шундан 3 467 нафар (18 фоиз) ўртасида электрон тарзда аноним сўровномалар ўтказилиб, аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва чоралар кўриш бўйича Раҳбариятга маълумот киритилди.

Жамиятда 2021 йилда коррупцияга қарши курашиш йўналишида бошқарув тизимини жорий этилганлигини белгиловчи – “ISO 37001:2016” халқаро мувофиқлик сертификати олиниб, 50 нафар мутахассисларга ушбу стандарт бўйича халқаро экспертлар томонидан тегишли сертификатлар тақдим этилди. Жорий йил август-сентябрь ойларида “GCerti Co., LTD” халқаро аудиторлик компанияси томонидан Коррупцияга қарши курашиш бошқарув тизимини назорат аудитидан ўтказиш жараёнлари олиб борилмоқда.

Тизим корхонлари раҳбарлари ва ишчи ходимларидан 2 325 та манфаатлар тўқнашуви декларациялари олиниб, 141 та қариндош уруғчилик ҳолатлари аниқланди, шундан 38 та ҳолатлар тўғридан-тўғри манфаатлар тўқнашувига тўғри келади. Аниқланган манфаатлар тўқнашувини ички меъёрий ҳужжатларга мувофиқ бартараф этиш юзасидан чоралар кўрилди.

Жамиятда қабул қилинган “Номзодларни ўрганиш” Низомига мувофиқ ҳудудий комплаенс инспекторлари томонидан 420 та ишга кирувчи номзодлар ўрганилиб тегишли ҳулосалар берилди.

Бундан ташқари, Жамият бошқарма (завод) ва корхоналарда коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс соҳасида ходимларнинг саводхонлигини ошириш юзасидан ҳудудий комплаенс инспекторлари томонидан 4 198 та қуйи ташкилотлар ишчи-ходимлари иштирокида тасдиқланган режа-графикга асосан 72 та семинар-тренинглар ташкил этилди ва ижтимоий тармоқларда ҳамда маҳаллий нашрларда Департамент фаолияти юзасидан ва аниқланган ҳолатлар тўғрисида 40 дан ортиқ мақола чоп этилди.

Бугунги кунда дунёдаги геосиёсий вазият ва молиявий санкциялар билан боғлиқ хатарларни тўғри баҳолаш ва уларнинг олдини олиш долзарб масалага айланиб бормоқда. Бу эса маҳаллий корхона ва банкларда хатарларни самарали енгиш юзасидан зарур чоралар кўриш ва мониторинг тизимини янада кучайтиришни тақозо қилмоқда.

Мазкур йиғилишда Молиявий ва комплаенс назорат департамент бош мутахассиси Отабек Рахимов томонидан дунёдаги геосиёсий вазият ва молиявий санкцияларнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятига таъсирини камайтириш, молиявий-иқтисодий фаолиятини яхшилаш, белгиланган ишлаб чиқариш кўрсаткичлар ижросини таъминлаш, шунингдек потенциал санкциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида кўриш зарур бўлган чоралар юзасидан тақдимоти ҳам ўтказилди.

Йиғилиш давомида Жамият Бошқарув раиси ўринбосари С. Мирзаев томонидан юқорида келтириб ўтилган ижобий кўрсатгичларга эришишда жонбозлик кўрсатган ходимларни рағбатлантириш ва фаолияти давомида хато-камчиликларга йўл қўйган масъул ходимлар, комплаенс инспекторларига танқидий баҳо-берилди.

Шунингдек, Бошқарув раиси ўринбосари томонидан Департамент фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида 2022 йил якунига қадар амалга ошириладиган ишлар юзасидан устувор вазифалар белгилаб берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|