“Ўзбекнефтгаз”: Устюртдаги қуйи юра даврига тегишли ётқизиқлардан кунига 1 млн. 100 минг куб метрдан ортиқ газ қазиб олинадиган янги қудуқ очилди (Фото+видео)
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан Устюрт минтақасидаги конлар ва истиқболи майдонларда баҳолаш-ишлатиш қудуқларини бурғилаш бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Бошқарув раиси ташаббуси билан акциядорлик жамиятининг геологлари томонидан Устюрт минтақасининг бой нефтгазлилик салоҳиятини самарали ўзлаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлардан иборат яхлит тизимлаштирган Дастур ишлаб чиқилган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ҳудудида, геологик жиҳатдан Устюрт минтақасининг марказий қисмида, “Бердақ” ва “Шимолий Бердақ” конларининг яқинида жойлашган “Қуйи Шарқий Бердақ” майдонидаги 12-сонли қудуқда ҳам баҳолаш-ишлатиш бурғилаш ишлари амалга оширилди.
Ушбу қудуқни бурғилаш ишлари 2022 йилнинг 07 июнь куни ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC компанияси томонидан бошланган бўлиб, чуқур ер ости қатламларининг мураккаб тузилиши ва турли геологик қийинчиликларга қарамасдан қудуқ 4308 метр чуқурликгача бурғиланди.
Қудуқда аниқланган истиқболли қатламларни 4000 метрдан ортиқ чуқурликда маҳсулдорликка синаш натижасида қуйи юра даврига тегишли ётқизиқлардан саноат миқёсидаги табиий газ оқимлари олинди ва қудуқ ишга қушилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу қудуқдан олинган табиий газ маҳсулотининг кунлик миқдори 1 млн. 100 минг куб метрдан ортиқни ташкил этмоқда.
Ҳозирда қудуқдаги маҳсулдор қатламларнинг босими ва ҳарорати каби бир қатор кон-геологик кўрсаткичларни аниқлаш, шунингдек, коннинг саноат миқёсида ишлаб чиқариш қувватларини баҳолаш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Эътиборли жиҳати, ушбу кон бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш, табиий газга истиқболли қатламларни аниқлаш, уларда синаш ва табиий газ қазиб чиқариш ишларини ташкил қилиш бўйича барча тадбирлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари ва ходимлари томонидан амалга оширилди.
Ушбу натижага “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги геологлар, геофизиклар, бурғилаш, конларни ишлатиш ва қазиб чиқариш ишлари мутахассислари, олимлар, қурилиш ва монтажчилар, иқтисодчи ва молиячилардан иборат катта бир жамоанинг бирдамлиги эвазига эришилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси томонидан ишга туширилган янги қудуқдан қазиб олинадиган углеводород хомашёси биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси, шунингдек, иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларини барқарор равишда табиий газ билан таъминлаш ҳамда уларнинг ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талабини қондиришга йўналтирилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу янги қудуқ геологлар зиммасига Устюрт минтақасининг салоҳиятини ўзлаштириш бўйича янги вазифаларни юклайди ҳамда нефть ва газ геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳамда янги табиий газ конларини очиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш