“Ўзбекнефтгаз”: Нефть ва газ корхоналарида 11 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари куни кенг нишонланмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги завод, бошқармалар ва корхоналарда 11 ноябрь – “Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари куни” байрамини кенг кўламда ўтказиш мақсадида кўргазмали банерлар ташкил этилиб, маданий-маърифий, оммавий ва спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, "Ўзнефтгазбурғулаш ишлари" МЧЖ, Шўртан газ кимё мажмуаси касаба уюшма қўмиталари ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида ишчи-ходимлар ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақалар ўтказилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида меҳнат қилаётган хотин-қизлар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Директор кубоги” турнири, Шўртан газ кимё мажмуаси ҳамда Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси хотин-қизлари ўртасида ўтказилган волейбол, шашка, шахмат, югуриш, стол-тенниси мусобақалари ҳам байрамда аёлларга кўтаринки руҳ бағишлади.
Шунингдек, барча корхона ва ташкилотларда ота-она ва бола иштирокида бўлиб ўтган оилавий “Спартакиада” мусобақалари, ишчи-ходимлар ва ёшлар иштирокидаги "Заковат" интеллектуал ўйинлари ҳам фаолларни рағбатлантиришга бир восита бўлиб хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди. Мусобақалар ғолиблари ва фаол иштирокчилари касаба уюшма қўмитасининг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, "Ўзнефтгазбурғулаш ишлари" МЧЖ, "Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш" АЖ касаба уюшма қўмиталари томонидан “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик”, “Касаба уюшмалари бугун ва келажакда” мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда иштирок этган касаба уюшма қўмитаси фаоллари, меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари топширилди. Тадбирларда таниқли санъаткорлар иштирокида маданий-маърифий ва концерт дастурлари ҳам намойиш этилди.
Байрам арафасида корхоналарда меҳнат қилаётган 250 нафардан зиёд ишчи-ходимлар учун Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларидаги қадимий ва тарихий обидаларга ҳамда Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор масканларга саёҳатлар уюштирилди.
Байрам арафасида ташкил этилган бундай маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ва саёҳатлар ишчи-ходимларда унутилмас хотира бўлиб қолмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|