2023-2024 ўқув йили учун стипендиялар дастури эълон қилинди
"Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан олий таълим муассасалари иқтидорли талабалари учун ““GTL стипендиялар дастури - 5” танлови эълон қилинди.
Унда техника йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 3-, 4-босқич бакалавр ва 1-, 2-босқич магистр таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этишлари мумкин.
Ғолиблар уч босқич натижаларига кўра аниқланади.
Жорий йилнинг 15 сентябридан 15 октябрига қадар талабгорлардан ушбу ҳавола орқали анкета тўлдириб, рўйхатдан ўтишлари ва https://t.me/uzgtl_scholarshipbot телеграм-боти орқали ўзлари ҳақида батафсил маълумот берувчи видео юборишлари сўралади.
Жорий йилнинг 20 октябридан 15 ноябрига қадар онлайн анкеталар ва видеолар орқали сараланган талабалар ўртасида мутахассисликлари ва инглиз тили бўйича ёзма иш ёки тест шаклида имтиҳон ўтказилади.
Жорий йилнинг 20 ноябридан 15 декабрига қадар иккинчи босқичда юқори натижага эришган талабалар суҳбатда иштирок этади.
Танлов доирасида ўтказиладиган ҳар бир босқич бўйича батафсил маълумот (кейинги босқичга ўтган талабалар рўйхати, имтиҳон ўтказиш куни, жойи ва вақти) Компаниянинг расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб борилади.
Дастур ғолибларини тақдирлаш маросими жорий йилнинг декабрь ойида ўтказилади.
Ғолибларга 1 йил мобайнида ҳар ой 1 000 000 сўм миқдорида стипендия тўлаб борилади ҳамда олий таълим муассасасини тугатгандан сўнг доимий иш билан таъминланади.
Шунингдек, “Uzbekistan GTL” заводида кенгайтирилган ишлаб чиқариш амалиётларини ўташ имкониятига эга бўлишади. (Амалиёт давомида транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатлари Компания томонидан қопланади.)
Эслатиб ўтамиз, ушбу стипендия дастури 2019-2020 ўқув йилида таъсис этилган. Ўтган ўқув йилларида дастурда жами 5714 нафар талаба қатнашиб, 70 га яқин иқтидор эгалари ғолиб ва фаол иштирокчи сифатида эътироф этилган.