January 9

Хитойнинг “Himile” компанияси делегацияси билан учрашув ўтказилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси А. Сангинов Хитой Халқ Республикасининг нефт-газ, кимё ва машинасозлик соҳасида фаолият олиб борувчи “Himile Mechanical Manufacturing Co., Ltd.” компаниясининг вице-президенти билан учрашув ўтказди.

Мулоқотда “Himile” компанияси билан 2026 йилда Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси “Зеварда”, “Жанубий Ўртабулоқ” ва “Култак” конларида режалаштирилган кичик компрессор станцияларини қуриш лойиҳалари учун компрессор блокларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Компания Хитойнинг Шандун провинциясида умумий майдони 250 000 м² бўлган замонавий ишлаб чиқариш майдонларига ва 6 000 нафардан ортиқ юқори малакали мутахассислар жамоасига эга. Компрессор станциялари учун ускуналар, қурилмаларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш, босим остида ишлайдиган сиғимлар, иссиқлик алмаштиргичлар, нефт-газ соҳаси учун технологик ускуналар ҳамда кимё саноатига мўлжалланган қурилмаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Компания “Shell”, “BP”, “ExxonMobil”, “GE”, “Siemens”, “Caterpillar”, “Baker Hughes”, “Dresser Rand” каби етакчи жаҳон компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларига эга бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ISO 9001, ISO 14001, ISO 45001, CE, ASME каби халқаро стандартлар асосида сертификатланган.

Компания дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатига, жумладан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Германияга ускуналар етказиб беради.
Айни пайтда “Himile” компанияси билан шартнома асосида юқоридаги лойиҳалар учун 23 та кичик компрессор блокларини етказиб бериш бўйича музокаралар кўриб чиқилмоқда.

Ушбу кичик компрессор станцияларини ишга тушириш билан конларда табиий газ қазиб чиқаришнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда мавжуд углеводородлар заҳираларини янада чуқур ўзлаштиришга эришилади.

Мулоқот давомида "Himile" компанияси томонидан компрессор блокларини етказиб бериш муддатларини янада қисқартириш ҳамда бошқа истиқболли лойиҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларида келишувларга эришилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати