“Ўзбекнефтгаз”: Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” саноат кооперацияси бўйича масалаларни муҳокама қилиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-99-сонли ҳамда 2021 йил 2 июлдаги “Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-5171-сонли қарорлари ижроси доирасида Бошқарув Раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ”нинг маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосарлари, департаментлар раҳбарлари иштирок этиб, унда Тошкент вилоятида жойлашган “Ўзбеккимёмаш Заводи” АЖ, “Узпромарм” МЧЖ, “Chilon Lubricants” МЧЖ ва “Махсусэнергогаз” АЖ, Жиззах вилоятида жойлашган “Jizzakh Himplast” МЧЖ ва Навоий вилоятида жойлашган “Gidro Stanko Servis” МЧЖ корхоналарининг саноат кооперацияси бўйича 2023 йил учун тақдимотлари билан танишилди.
Учрашув аввалида Бошқарув Раиси сўз олиб, 2022 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан самарали ҳамкорлик ўрнатилганини таъкидлади.
Республика ҳудудларида бўлган саноат ярмаркалари ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарига уюштирилган кооперация турлари доирасида 140 та маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан жами 274 та ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Мазкур меорандумлар бўйича “йўл хариталари” шакллантирилиб, уларни ижроси юзасидан доимий равишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб ушбу ҳужжатлар доирасида электрон кооперация портали орқали қиймати 105 млрд. сўмлик аниқ шартномалар имзоланиб ижрога қаратилган.
Шу билан бирга, ҳамкорликда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар салмоғи катталиги таъкидланиб, хусусан двигателларни капитал ва жорий таъмирлаш, бурғулаш реагентлари, долоталари, қувурлари, кимёвий реагентларнинг катта ассортименти каби йўналишларда импортдан қарамликни қисқартириш лозимлиги айтилди.
Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий ва шаффоф мулоқотни ташкил этиш, харидлар жараёнлари коррупция ҳолатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам айтиб ўтилди.
Ўз навбатида, “очиқ юзма-юз мулоқот” форматида ташкил этилаётган мазкур учрашув ҳам ўзига хос янгича тажриба эканлиги ва бу корхоналарда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш учун катта мотивацияни уйғотиши маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари томонидан қайд этилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбеккимёмаш Заводи” АЖ ўртасидаги ҳамкорлик 1992 йилдан бошланган бўлиб, сўнгги 2 йилда (2021-2022 йиллар) корхоналаримиз ўртасида умумий қиймати 29,5 млрд. сўм бўлган 50 дан ортиқ шартномалар имзоланган бўлиб, бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлаб келинмоқда.
Мазкур даврда “Ўзбеккимёмаш Заводи” АЖ томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари эҳтиёжи учун 20 турдан зиёд юқори қувватли нефтгаз ускуналари етказиб берилган, шу жумладан теплообмениклар, адсорберлар ва абсорберлар, турли ўлчамдаги сиғимлар, сепараторлар, резервуарлар, АВО пакетлари, фильтрлар, газ балонлар, бошқалар.
Ҳозирда 2023 йил эҳтиёжлари асосида “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ ускуналарини саноат-тажриба синовдан ўтказиш бўйича баённома расмийлаштирилиб, “Йўл харита” ишлаб чиқиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Яна бир маҳаллий корхона “Узпромарм” МЧЖ билан ҳамкорлик 2019 йилдан бошланган бўлиб, сўнгги 2 йилда (2021-2022 йиллар) корхоналаримиз ўртасида умумий қиймати 22,7 млрд. сўм бўлган 60 дан ортиқ шартномалар имзоланган бўлиб, бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлаб келинмоқда. Мазкур корхона томонидан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ташкилотлари эҳтиёжи учун 20 турдан зиёд тўхтатиш-беркитиш қурилмалари етказиб берилади етказиб берилган, шу жумладан, задвижкалар, назорат клапанлари, шарли кранлар, қудуқ ускуналари (фонтанная арматура) ва бошқалар.
2023 йилда корхона билан ҳамкорликда газ тақсимлаш станциялари учун 100 ва 300 диаметрли блоклар, насос қурилмалари учун эҳтиёт қисмлар ҳамда флаенц бирикмалари 50 ва 1000 диаметрли ва бошқа эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Махсусэнергогаз” АЖ ўртасида 2022-2023 йилларда умумий қиймати 578,6 млрд. сўм бўлган 70 дан ортиқ шартномалар имзоланган бўлиб, бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлаб келинмоқда.
Хусусан, “Махсусэнергогаз” АЖ томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари эҳтиёжи учун 16 турдаги капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда саноат хизматлари кўрсатилган, шу жумладан, жорий ва капитал таъмири 13 та, саноат хизматлари 10 та ҳамда бошқа хизматлар 12 та.
2023 йилда корхона билан қудуқларни бурғулаш ва капитал таъмирлаш, турбодетандер агрегатлари ва сиқув компрeссор станциясида сервис хизматларини кўрсатиш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Chilon Lubricants” МЧЖ ўртасида сўнгги 2 йилда (2021-2022 йиллар) умумий қиймати 660,4 млн. сўм бўлган 20 дан ортиқ шартномалар имзоланган бўлиб, бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлаб келинмоқда. Мазкур корхона томонидан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ташкилотлари эҳтиёжи учун турбо дизел мойлари, гидравлик мойлари, қуйма маҳсулотлар учун мойлари, мотор мойлари, трансформатор мойлари ва бошқа турдаги сурков мойларини етказиб берилган.
Шунингдек, 2022 йилда республика ҳудудида ташкил этилган ярмаркалар давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ эҳтиёжлари учун импортдан хариди амалга оширилаётган синтетик мой, антифриз ва диетиленгликолни (ДЭГ) каби маҳсулотларни “Chilon Lubricants” МЧЖ базисида ишлаб чиқариш ва санота-тажриба синовдан ўтказиш бўйича меморандум имзоланган.
Ушбу меморандумлар асосида “Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналар томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчига техник топшириқлар тақдим этилган. Ҳозирги кунда спецификацияларга мувофиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва уларни ишлаб чиқариш базаларида саноат-тажриба синовларидан ўтказиш кутилмоқда.
“Jizzakh Himplast” МЧЖ 2019 йил ташкил топган бўлиб, корхонада 50 дан ортиқ ишчи ходим фаолият юритади хозирги кунда кислоталарга, ноқулай шароитларда чидамли қувурлар сиғимлар ва реакторлар ишлаб чиқаради.
2022 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Jizzakh Himplast” МЧЖ ўртасида импортдан харид қилинаётган бурғилаш долоталари ва қувурларини ўзлаштириш бўйича меморандум имзоланган. Ушбу меморандум асосида бурғилаш долоталари ва қувурларини саноат тажриба синовларини ўтказиш бўйича “Йўл харита”си тасдиқланган.
Айни пайтда “Йўл харита”си асосида PDC бурғилаш долотаси “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” АЖ бурғилаш объектида саноат-тажриба синовларидан ўтказилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Gidro Stanko Servis” МЧЖ ўртасидаги 2022 йилда умумий қиймати 243,5 млн.сўм бўлган 12 та шартномалар амалга оширилган.
Хусусан, 2022 йил “Gidro Stanko Servis” МЧЖ томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари эҳтиёжи учун 5 турдаги эҳтиёт қисимлар етказиб берилган, шу жумладан, осма кранлар, тишли айлана, валлар, юлдузча ва муфталар ҳамда олти қиррали халқалар ва бошқалар.
2022 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Gidro Stanko Servis” МЧЖ ўртасида импортдан сотиб олинаётган бурғилаш долоталари ва қувурларини ўзлаштириш бўйича меморандум имзоланган.
Ушбу меморандум доирасида санота-тажриба синовдан ўтказиш бўйича “йўл харита”си тасдиқланиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчига техник топшириқлар тақдим этилди. Ҳозирда корхона томонидан спецификацияларга мувофиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Шунингдек, учрашувда мавжуд буюртмаларни етказиб беришни тезлаштириш, сифат талабларига риоя қилиш, ўзаро мутахассислар ташрифларини уюштириш, буюртмачига маҳсулотларни юборишдан олдин ҳар бир маҳсулотни яроқлилигини текширишни қатъий назоратга олиш ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарини хабардор қилиб бориш қайд этилди.
Учрашув якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви Раиси Мехриддин Абдуллаев томонидан юқорида келтирилган тадбирларни долзарблигини инобатга олган ҳолда маҳаллий тадбиркорлик субъектлари билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказиш ва ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш