December 30, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Барча нефть маҳсулотлари тўлиқ бозор механизми тамойиллари асосида истеъмолчиларга етказилиб берилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан, 2022 йилда республика истеъмолчиларининг сифатли нефть маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларни қондириш мақсадида нефтни қайта ишлаш заводларида қатор самарали ишлар амалга оширилди.

Заводларга замонавий илғор инновацион технологиялар, юқори самарали ускуналар, янги материаллар, шу жумладан янги катализаторлар, йирик инвестиция лойиҳаларини жалб этиш орқали нефть ва газ саноатини ривожлантириш бўйича мақсадли ишлар олиб борилди.

Хусусан, соҳа мутахассислари томонидан нефть ва газ кимё саноатини ривожлантириш, ‎нефть маҳсулотларини диверсификация қилиш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Энг асосий тадбирлардан бири жорий йилнинг иккинчи ярмида “Uzbekistan GTL” заводи ишга туширилгани бўлди. Ушбу заводнинг иш бошлаши Ўзбекистон тарихида биринчи синтетик нафта, керосин, дизель маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига эришилди.

Шунингдек, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидаги қурилмаларнинг қувватларини ошириш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш дастури доирасида таркибида ультра паст даражада олтингугурт бўлган “Евро-6” экологик дизель ёнилғисини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, синтетик нафта ва синтетик керосинни ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали қўшимча хажмларда “АИ-80” русумидаги автобензин ҳамда “Jet А-1” авиакеросинини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

2021 йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 874,9 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилиб, завод ўзининг 24 йиллик тарихида рекорд натижани қайд этган бўлса, 2022 йил якуни билан ушбу кўрсаткични 977,1 минг тоннага (шундан 23,8 минг тоннаси синтетик нафта улушига тўғри келади) етказишга эришилди. Республика истеъмолчиларининг талабларини қондириш мақсадида жами автобензиннинг 82,5 фоизи “АИ-80” русумига тўғри келди.

Заводда жорий йил якуни билан жами 317,1 минг тонна дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 92,4 минг тоннаси “Евро-4”, 53 минг тонна “Евро-5” ҳамда 3,3 минг тонна “Евро-6” экологик дизель ёнилғиси улушига тўғри келади.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида вазирлик, идоралар ва назорат органлари билан келишилган ҳолда ҳамда “O’z DSt 1117:2007” “Жет A-1 газ турбинали двигателлари учун авиация ёқилғиси техник шартлар” Давлат стандартига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Натижада, 15,0 минг тонна синтетик керосинни ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали 2022 йилда жами 144,0 минг тонна Jet A-1 русумидаги авиакеросин ишлаб чиқарилишига эришилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган барча нефть маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ-4664-сонли қарори асосида тўлиқ бозор механизми тамойилларига амал қилган ҳолда республика истеъмолчиларига етказилиб берилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|