February 13, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқарилаётган дизель нархи арзонлаштирилди

Бош саҳифа Русский

“Uzbekistan GTL” мажмуасида ўтган йилнинг июнь ойидан бошлаб синтетик суюқ ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, Республика товар хом-ашё биржаси орқали истеъмолчиларга ҳар куни биржа савдолари орқали етказилмоқда.

“Uzbekistan GTL” дизели Европа сифат даражасига жавоб берадиган замонавий ва юқори сифатли ёқилғидир.

“Евро-6 стандарти” талабларига тўлиқ жавоб берадиган “GTL” дизели Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида мукаммал ишлаш ҳамда экологик хусусиятларга эга биринчи синтетик ёқилғи ҳисобланади.

Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Uzbekistan GTL” заводи тўлиқ иш режимига ўтказилиб, ишлаб чиқариш ҳажми босқичма-босқич оширилмоқда, шу жумладан 2022 йилнинг ноябрь ойида заводнинг иккинчи навбати ишга туширилиши ҳисобига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилиши режалаштирилган. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали маҳсулот таннархини пасайишига эришилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республика ички истеъмолчиларига юқори сифатли ва экологик тоза дизель ёнилғисини етказиб беришни таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жорий йилнинг 13 февраль кунидан бошлаб Товар хом ашё биржаси орқали сотувга қўйиладиган синтетик дизель ёқилғисининг бир тоннасининг бошланғич нархи 11 855 380 сўмгача арзонлаштирилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 29 августдан синтетик дизелнинг 1 тоннаси учун бошланғич нархи 15 550 500 сўмдан 14 504 378 сўмга, 13 сентябрдан 14 504 378 сўмдан 13 897 110 сўмга, 31 октябрдан 13 897 110 сўмдан 12 998 420 сўмга арзонлаштирилган эди.

Маълумот учун: “Uzbekistan GTL” ёқилғиси Швейцариянинг “SGS” гуруҳининг Бельгия, Эстония ва Франциядаги сертификатланган марказларида синовдан ўтказилган.

GTL дизели “Евро-4” ва ундан юқори бўлган ёнилғида ишлайдиган енгил автомобиллар ва юк машиналари, шунингдек, маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган габарит ва махсус дизель ёнилғили транспорт воситалари учун идеал тарзда мос келади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|