“Ўзбекнефтгаз”: Нефть ва газ объектлари ҳисобидаги ер майдонлари ҳамда бино-иншоотларини хатловдан ўтказиш ишлари жадаллаштирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун ер участкаларини ажратиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан акциядорлик жамияти тасарруфидаги нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларининг ер майдонлари ҳамда бино-иншоотларини хатловдан ўтказилмоқда.
Хатлов ишларини амалга ошириш учун “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти билан шартнома расмийлаштирилган.
Ушбу шартномага кўра, дастлаб реконструкция қилинадиган, қурилиши лозим бўлган ёки қуриб битказилган аммо ишга туширилмаган объектларнинг ва улар атрофидаги ер майдонлари хатловдан ўтказилади. Хатлов натижаларига кўра, мазкур ер майдонларининг электрон хариталарини яратиш ҳамда тайёр объектларнинг маълумотлар баъзаси шакллантирилади.
Тадбирлар доирасида бажарилган лойиҳа ҳужжатларига асосан ажратилиши лозим бўлган ер майдонларининг тоифаларига аниқлик киритилиб, нобудгарчиликлари ҳисобланиб, ердан фойдаланувчиларга нисбатан етказилган зарарлар аниқланади. Шундан сўнг ер ажратишга доир ҳужжатлар тайёрланиб, қарор лойиҳаларини тасдиқлаш учун вилоят ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгашига тақдим этилади.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқармаларга тегишли фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер участкалардаги конлар ва қудуқлар қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ерларида жойлашган бўлиб, ҳозирги кунда мазкур ер майдонларидан фермер хўжаликлари ва бир канча МЧЖлар фойдаланиб келмоқда.
Айни пайтда, лойиҳа асосида ушбу ер эгаларини ер майдонларидан ўтган газ қувурларини қурилиш-монтаж ишлари жараёнида атроф-муҳитга ва экин майдонларига етказилган зарарлар ва нобудгарчиликлар институт томонидан ҳисоб-китоб қилинмоқда.
Куни кеча, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Капитал қурилиш ва лойиҳалаштириш департаменти томонидан объектлардаги ер муносабатлари ва кадастри бўлимлари ходимлари, ҳудудий бошқармалар ва “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаштириш институти маъсул ходимлари иштирокида онлайн йиғилиш ўтказилди.
Унда хатловдан ўтказиш ишларини тезлаштириш ва якунлаш муддатлари муҳокама қилинди.
“Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан тақдим этиладиган ер участкаларининг хатлов натижаларига асосан ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) шартномасини расмийлаштириш, етказилган зарар ва нобутгарчиликларни қоплаб бериш бўйича келишиб олинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|