February 4, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Автобензин етказиб берилиши юзасидан РАСМИЙ МАЪЛУМОТ

Бош саҳифа Русский

Шуни қайд этиш жозки, 2022-2023 йил қиш мавсуми бутун Ўрта-Осиё минтақасида, жумладан Ўзбекистонда хам ўта совуқ ва давомий келганлиги сабабли республикада табиий газга бўлган эхтиёж кескин ошиб кетишига ва газ қувурларидаги босимнинг меъёрий кўрсаткичлардан тушиб кетишига олиб келди.

Республика аҳолисининг истеъмоли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кунлик ўртача 7-10 млн метр кубга ошиб кетди. Натижада табиий газ ресурслари биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини таъминлаш мақсадида АГТКШлар фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилишига, кейинчалик эса йирик истеъмолчилар билан бир қаторда, газ қувурларидаги босим меъёрий кўрсаткичларга тиклангунга қадар, уларнинг фаолиятларини тўлиқ тўхтатилишини тақазо этди. Ушбу ҳолат, ўз навбатида, автобензинга бўлган талабни 2-2,5 баробарга ошишига сабаб бўлди.

Маълумот учун: 2022 йил октябрь-ноябрь ойларида автобензинга кунлик талаб ўртача 3,5-4,0 минг тоннани ташкил қилган бўлса, 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида бу кўрсаткич 8-10 минг тоннани ташкил қилди.

Ортган талабни қондириш ҳамда истеъмолчиларни хамёнбоп автобензин билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 декабрдаги ПҚ-440-сонли қарори қабул қилинди ва унга асосан, 2023 йилнинг 1 мартига қадар маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган, импорт қилинадиган ва тадбиркорлик субъектлари (АЁҚШлар) томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғи қўлланиши бекор қилинди.

Заҳирадаги миқдорлар ҳам қўшимча равишда бозорга чиқарилди. Натижада, кунлик сотувга чиқариладиган автобензин миқдори 7-8 минг тоннагача оширилди ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ АЁҚШларидаги АИ-80 русумли автобензин нархини 1 литри учун 7000-7200 сўмдан 5700 сўмга туширишга эришилди.

Шунингдек, республика истеъмолчиларини узлуксиз ва бир маромда автобензин билан таъминлаш, нархларни кескин ўсишини олдини олиш, бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш ҳамда ички бозорда танқисликни камайтириш мақсадида, маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан ташқари, тайёр маҳсулотларни импорт қилиш йўлга қўйилди.

2022 йил октябрь-ноябрь ойларида республика ички бозорига ўртача
90-100 минг тонна маҳаллий автобензин чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич декабрда 190 минг, 2023 йил январь ойида эса 208 минг тоннани ташкил қилди. Бундан ташқари, 2022 йилда хусусий (мустақил) тадбиркорлар томонидан ойига ўртача 10-20 минг тонна автобензин импорт қилинган бўлса, 2023 йил январь ойида 50 минг тонна импорт қилинди.

Хусусан, жорий йилнинг январь ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Россия Федерациясидан 200 минг тонна автобензин импорти бўйича келишувга эришилиб, 50 минг тоннаси тўлиқ юклаб жўнатилди. Шундан 6 минг тоннаси мавжуд сиғимларга қабул қилиб олинди. Февраль ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қўшимча 50 минг тонна АИ-80К5 автобензинини импорт қилиниши режалаштирилган.

АИ-80 русумли автобензинини бир литрини нарҳи 5700 сўмга туширилиши натижасида АГТКШ томонидан автомобилларга берилмаган табиий газни қисман қоплаш ва вазиятни нисбатан барқарорлаштиришга, транспорт сарф-ҳаражатларини ошиб кетишини олдини олишга эришилди.

Агар АИ-80 русумли бензин нархини асил ҳолатига (эркин нархларга) қайтарилса, бу ўз навбатида бензинга талабни камайтириб, табиий газга бўлган талабни янада ошишига ва эътирозлар кўпайишига олиб келади.

АИ-80 русумли бензинга берилган имтиёзлар фақат “Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишли завод ва АЁҚШларга эмас, балки барча ишлаб чиқариш ва четдан импорт қилиш имкониятига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам амал қилади.

Бундан ташқари, юзага келган вазиятда АЁҚШлар томонидан қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида 109 та АЁҚШда қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди ва уларга атига бир кунга автобензин етказиб бериш тўхтатилди. Кейинчалик, АЁҚШ раҳбарларидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган автобензин маҳсулотларини сифат ва миқдор жиҳатдан тўғри тарқатилиши ҳамда нархларни сунъий равишда оширмасликлари тўғрисида тегишли кафолат хатлари олингандан сўнг уларга автобензин етказиб бериш қайта тикланди.

Ушбу ҳолат истеъмолчиларга етказиб берилаётган автобензиннинг кунлик миқдорига таъсир кўрсатмаган.

Бугунги кунда Республика бўйича жами 2 200 дан ортиқ автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари мавжуд бўлиб, мазкур АЁҚШлар тўлиқ фаолият кўрсатиб келмоқда.

Жорий йилнинг 12 январь куни Туркманистон Республикасидан келаётган табиий газ импорти техник сабабларга кўра тўлиқ тўхтатилгани (кунлик 16 млн метр куб) вазиятни янада оғирлашиб кетишига сабаб бўлди.

2023 йил 22 январдан бошлаб Туркманистон Республикасидан табиий газ импорти босқичма босқич қайта тиклана бошлади ва 31 январда кунлик импорт 11,6 млн метр кубни ташкил қилди. 1 февралдан ушбу кўрсаткич 16 млн метр кубга етди.

Табиий газ импортини ошганини ҳамда газ қувуридаги босимни меъёрий кўрсаткичлар яқинлашганини ҳисобга олиб 2 февралдан бошлаб, ҳудудлардаги АГТШКларни фаолияти босқичма-босқич қайта тикланади. АГТКШларнинг фаолият юритиш вақти ҳудудлар шароитидан келиб чиқиб маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда. 1 февраль куни АГТКШлар орқали 1,0 млн метр куб газ реализация қилинган бўлса, 2 февраль куни бу кўрсаткич 2,8 млн метр кубни ташкил этди ва 3 февралга 4,5-5 млн метр кубга етиши кутилмоқда.

АГТКШлар фаолиятидаги вақт чекловлари газ қувурларидаги босимнинг ҳолатига мос равишда ўзгартириб борилади. Бу эса ўз навбатида автобензинга бўлган талабни қисман пасайишига ва вазият барқарорлашишига олиб келади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|