January 21, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: “Ишчи гуруҳ” томонидан сурков маҳсулотлари, таъмирлаш ва метални қайта ишлаш йўналишида кооперацияни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-99-сонли қарори ижроси юзасидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан маҳаллий корхоналар билан 2023 йил ва ундан кейинги даврда саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича ҳафталик учрашувлар давом эттирилмоқда.

Очиқ мулоқот форматида ташкил этилган навбатдаги учрашувда “Ишчи гуруҳ” томонидан сурков ва мойлаш маҳсулотлари, ускуналарни таъмирлаш, метални қайта ишлаш йўналишида саноат кооперациясини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Хусусан, Чирчиқ шаҳрида жойлашган “UNGM-DR SERVIS MAR" МЧЖ ҚК корхонаси билан 2021-2022 йилларда қиймати 21,7 млрд.сўм бўлган 131 дан ортиқ шартномалар амалга оширилганлиги қайд этилди. Корхона билан 47 турдан ортиқ насос ва компрессор қурилмаларни таъмирлаш, насос ва компрессор валлари, клапанлар, роторлар, насослар ишчи ғилдираги каби маҳсулот ва хизматлар етказиб берилаётганлиги айтилди.

Истиқболли режа сифатида компрессор роторлари эҳтиёт қисмларини ўзлаштириш ва таъмирлаш йўналишлари кўриб чиқилди.

Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “TASHKENT POLYMER SINTEZ” МЧЖ ва “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ ўртасида жорий йилда қиймати 42,8 млрд.сўмлик 25 та шартнома бўйича илгари импортдан харид қилинган КМЦ (карбоксиметил целлюлоза) ва ПАЦ (полианионная целлюлоза) маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш амалга оширилмоқда. Ушбу маҳсулотларни маҳаллий корхона негизида ўзлаштирилиши йилига 4 млн АҚШ долларига яқин импортни қисқартириш имконини беради.

Корхонага 2023-2024 йилларда янги турдаги юқори модификациялашган бурғилаш реагентларини ишлаб чиқариш таклифи берилди.

2022 йилда республика ҳудудида ташкил этилган ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат кооперация ярмаркалари давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “PLUS LUX OIL” МЧЖ билан импортдан харид қилинаётган дизел мотор мойи ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Учрашув доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишлаб чиқариш базаларида дизел мотор мойини саноат-тажриба синовларидан ўтказиш ишлари атрофлича кўриб чиқилиб, яқин келажакда янги турдаги синтетик мой маҳсулотларини ўзлаштириш бўйича мақсадли ишлар олиб бориш муҳокама қилинди.

2022 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “PETRO DRILLING” МЧЖ ўртасида импортдан сотиб олинаётган PDС бурғилаш долотолари янги турларини ўзлаштириш бўйича меморандум имзоланган ва “йўл харита”си тасдиқланган.

Учрашувда “Йўл харита”га асосан “PETRO DRILLING” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган PDС бурғилаш долотоларини "Ўзнефтгаз бурғулаш ишлари" МЧЖнинг Қуйи Сургил-26 қудуғида олиб борилаётган саноат-тажриба синовлари натижалари кўриб чиқилди. Шунингдек, корхона томонидан 2023 йилда нефть ва газ қазиб чиқариш учун винтли насос ва приводларни босқичма-босқич ўзлаштириш режалари тақдим этилди.

Шунингдек, учрашувда “GRAND METALL STROY” МЧЖ, “TOSHKENT ARMATURNIY ZAVOD” МЧЖ, “ULRUS Manufacturing Solutions” МЧЖ каби корхоналарнинг тақдимот режалари кўриб чиқилди.

Мулоқот якунида мавжуд буюртмаларни етказиб беришни тезлаштириш, сифат талабларига риоя қилиш, ўзаро мутахассислар ташрифларини уюштириш, буюртмачига маҳсулотларни юборишдан олдин ҳар бир маҳсулотни яроқлилигини текширишни қатъий назоратга олиш ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарини хабардор қилиб бориш қайд этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|