September 9, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Нефть маҳсулотларини харидорларга юклаб беришда инсон омилидан воз кечилиб, электрон логистика савдо портали орқали йўлга қўйилмоқда

Бош саҳифа Русский

Сўнгги йилларда мамлакатимизда товарларни сотиш жараёнларига бозор тамойилларининг кенг жорий қилиниши яширин иқтисодиётнинг қисқаришига, ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларига ҳақиқий нархларнинг шаклланишига ва солиқ базасининг кенгайишига хизмат қилмоқда.

Жумладан, ноҳалол тадбиркорлик субъектлари томонидан
ички бозорда юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг нархларини сунъий оширишга, танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик, тақсимлаш тизими элементларини тугатиш ҳамда биржа савдоларини янада фаоллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сонли Қарори тасдиқланган.

Қайд этилган қарорга асосан, монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдолари орқали сотилаётган юқори ликвидли маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматлари фақат “Электрон логистика савдо” портали орқали аукцион тартибида амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур Қарорга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 777-сонли қарори қабул қилиниб, Ўзбекистон Товар хом ашё биржасида автотранспортда юк ташиш хизматлари бўйича “Электрон логистика савдо” портали ташкил этилган ва e-logistika.uzex.uz веб сайтига жойлаштирилган.

Логистика савдо порталини жорий қилиниши Биржа савдоларида электрон тизим орқали айнан харидор томонидан маҳсулотни юклаш кунини белгилаш ва электрон навбатни шакллантиришдир.

Маълумот учун: “ЎзРТХБ” АЖ томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларида электрон логистика савдо портали орқали жами 6,4 млрд сўмлик 4245 та битимлар амалга оширилган. Юк ташувчилар ўртасида рақобат сабабли савдоларда 437,7 млн сўм маблағлар иқтисод қилинган (бошланғич нархга нисбатан 6,4 фоизни ташкил этади). Шу билан бирга порталда 2778 та юк ташувчилар ва 2803 та буюртмачилар рўйхатдан ўтган.

Электрон логистика савдо порталида харидорлар ва юк ташувчилар савдолар иштирокчиси сифатида электрон тизимда онлайн рўйхатдан ўтадилар ва савдоларда электрон рақамли имзо орқали қатнашадилар.

Савдолар якуни бўйича ғолиб юк ташувчини танлаш автоматик равишда амалга оширилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, нефть маҳсулотларини харидорларга юклаб бериш навбатини белгилаш нефть база ходимлари томонидан амалга оширилади. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Нефть маҳсулотлари логистикаси департаменти томонидан ўтказган таҳлилларда нефть базалар томонидан маҳсулотларни етказиб беришда навбатчиликка риоя қилмаслик, айрим хўжалик юритувчи субъектларига маҳсулот етказиб беришда устунлик тақдим этиш каби салбий ҳолатлар мавжудлиги аниқланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан Ўзбекистон Товар хом ашё биржаси билан ҳамкорликда нефть базалар томонидан нефть маҳсулотларини харидорларга юклаб беришни e-logistika.uzex.uz савдо портали орқали амалга ошириш ташкил этилмоқда.

Келгуси ҳафтада, Ўзбекистон Товар хом ашё биржаси билан ҳамкорликда тасарруфдаги нефть базалар иштирокида логистика савдо порталининг имкониятлари ва қулайликлари юзасидан семинар ўтказилиши режалаштирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|