“Ўзбекнефтгаз”: Нукусда ўтказилган саноат ярмаркасида маҳаллий корхоналар билан 22,2 млрд сўмлик шартномалар имзоланди
Жорий йилнинг 25-26 август кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида табиий ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, нефть-кимё саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электрэнергияси ва электротехника маҳсулотлари саноати корхоналари иштирокида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда республикадаги йирик тармоқ корхоналари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган мазкур тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар алоҳида стенд билан иштирок этди.
Тадбир доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ инвестиция лойиҳалари ҳамда тармоқ корхоналари эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилиб, мутахассислар томонидан юзма-юз мулоқот форматида маҳаллий корхона вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Жумладан Фарғона вилоятида жойлашган “Oil filter Technologies” корхонаси билан Муборак газни қайта ишлаш заводининг 16-цех компрессорларининг мой тизимида қўлланиладиган импорт фильтр маҳсулотларини ҳамкорликда ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш, Шўртан газ кимё мажмуасининг этилен ишлаб чиқариш цехининг газтрубина қурилмасида қўлланиладиган “CY2612” маркали саноат фильтрларини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари “Chilon Lubricants” корхонаси билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқ корхоналаридаги сиқув компрессор станцияларида ишлатиладиган импорт мойларни ишлаб чиқариш базасида ўзлаштиришни таъминлаш ва бу орқали нафақат корхонанинг балки республиканинг импортини қисқартиришга эришишни таъминлаш муҳокама қилинди. Шунингдек, Муборак газни қайта ишлаш заводи ускуналаридаги барча двигателлар ва айланма насос қурилмаларида қўлланиладиган сурков мойларини эҳтиёж асосида етказиб бериладиган бўлди.
Кўргазма доирасида “Uzpromarm” корхонаси билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи эҳтиёжлари учун тақдим этилган техник шартлар асосида “API” стандартларига мос задвижкалар ишлаб чиқариш, “Shturval” МЧЖ билан ушбу заводдаги газларни аминли тозалаш қурилмасида қўлланиладиган фаоллаштирилган кўмирни саноат-тажриба синовларидан ўтказиш, “Birinchi Rezina Zavodi” корхонаси билан Шўртан газ кимё мажмуасининг автотранспорт цехи эҳтиёжлари учун маҳаллий шиналарни етказиб бериш юзасидан келишувларга эришилди.
Турдош тармоқ корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш йўналишида “Ўзкимёсаноат” АЖ билан “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасининг эҳтиёжлари асосида сульфат кислотасини етказиб бериш, “Навоийазот” АЖ билан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари эҳтиёжлари учун натрий гипохлориди, “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси ва Шўртан газ кимё мажмуаси эҳтиёжлари учун метанол ва каустик сода кимёвий унсурларини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича фаол муҳокамалар ўтказилди.
Тадбир якуни билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тармоқ корхоналари томонидан умумий қиймати 15,7 млрд сўмлик 6 та ҳамкорлик меморандумлари ҳамда ягона кооперация портали орқали 6,5 млрд сўмлик 41 та шартномалар имзоланди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|