“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи объектларида фавқулодда вазиятларни бартараф этишга бағишланган махсус-тактик машғулотлари ўтказилди. Машғулотлар ёнғин-қутқарув қисми, фуқаро муҳофазаси, тиббиёт-санитария хизмати ва ҳарбийлаштирилган газдан қутқарув отрядлари, санитария дружинаси, Қоровулбозор туманидаги ҳарбий қисм тезкор гуруҳи ва бошқалар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унга Республиканинг 4 та вилояти – Навоий, Қашқадарё, Сурхадарё, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан вакиллар кузатувчи сифатида таклиф этилди.
Машғулотлар хавфли ишлаб чиқариш объектларида ёнғиннинг олдини олиш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар пайтида авариявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича амалий кўникмаларни такомиллаштириш мақсадида ўтказилади.
Машғулот давомида заводнинг “21 D05” технологик қурилмасида шартли равишда сиғимнинг герметиклиги бузилиб, кўп миқдордаги углеводородлар сизиб чиқиши содир этилди. Газ сизиб чиқишини тўхтатиш учун фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизимининг куч ва воситалари, шунингдек, объектнинг техник ходимлари йўналтирилди.
Шартли газ сизиб чиқиши мобилизация ишлари ва фуқаро муҳофазаси хизматининг режасига мувофиқ бартараф этилди, жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди, ҳарбийлаштирилган газдан қутқарув отряди, санитария дружинаси, ёнғин-қутқарув қисмининг жалб этилган ходимлари самарадорлик ва юқори даражадаги ҳамкорликни намойиш этишди.
Машҳулотнинг иккинчи босқичида шартли ёнғин нефть маҳсулотларини қуйиш-тўкиш эстакадаси участкасида содир бўлди. Намуна олиш пайтида ишчида статик электр токининг учқун разряди пайдо бўлиши натижасида цистернада ёнғин юзага келди.
Ҳодиса жойга зудлик билан етиб келган авария техник гуруҳи томнидана ёнғин тезда ўчирилди. Жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, бу каби қўшма машғулотлар хавфли ишлаб чиқариш объектида фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ишчиларнинг юқори тайёргарлигини сақлашга имкон беради.
Тактик машғулотлар ўз вақтида ва самарали бажарилди. Масъуллар хизмат вазифаларини адо этишда мустаҳкам билим ва мукаммал амалий кўникмаларни намойиш этишди.
Ёнғин ўчириш махсус-тактик машғулотида 269 киши иштирок этди, жараёнга 23 та ихтисослаштирилган техника воситалари жалб этилди. Санитария-эпидемиологиянинг барча талаблари бажарилди.
Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи томонидан стратегик аҳамиятга эга объектда фавқулодда вазиятлардан асрашда ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар профессионал даражадаги ҳамкорликни намойиш этишганлиги эътироф этилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|