“Ўзбекнефтгаз”: Журналист ва блогерлар иштирокида Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига Пресс–тур уюштирилди (Фото)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамкорлигида тасдиқланган келишувга биноан Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан Устюрт регионида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида Пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-турда депутат Расул Кушербаев, журналист Хуршид Далиев, Санжар Саид, Муслим Мирзажонов, блогерлар Зафар Солижонов, Баҳодир Аҳмедов, Нурбек Алимов, Темур Малик ҳамда “Ўзбекистон 24” телеканали ижодий гуруҳи, “Kun.uz”, “UzNews.uz”, “Xabar.uz”, “Human.uz”, “Darakchi.uz”, Geolog.uz”, “Jahon.uz”, “Sof.uz” интернет нашрлари журналистлари ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Ушбу пресс-турнинг Устюрт майдонларига уюштирилишининг ҳам ўзига хос сабаби бор. Сабаб шундаки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида 2022 йилда Республиканинг барча ҳудудларида, шу жумладан, мамлакатимизнинг олис ҳудуди ҳисобланган Устюрт регионида ҳам геология-қидирув ишларини самарали амалга ошириш давом эттирилмоқда.
ОАВ вакиллари дастлаб “Шарқий Бердақ” конидаги “Ишчилар ётоқхонаси”да бўлишди. Ўзбекистонда табиий газ қазиб чиқариш жараёнлари ҳамма даврда ҳам мураккаб бўлган ва асосан чўл ҳудудида олиб бориладиган ишлар кўпгина қийинчиликлар туғдиради. Устюрт ҳудудида ишлаётган кончилар ҳам ёз фаслининг иссиғи, қишда совуғига қарамай машаққатли меҳнат қилаётган "Ўзбекнефтгаз"нинг фидоий ходимларидир. Журналистлар бу фидокор ишчиларга яратилган шароитлар билан танишишди.
Маълумот учун таъкидлаш керакки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудини қамраб олган Устюрт регионида нефть ва газ геология-қидирув ишлари натижасида 18 та янги майдонлар бурғилаш ишларига киритилди. 183 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари бажарилди ва 50 га яқин янги қудуқлар қурилиш билан тугатилди. Натижада 5 та янги – “Бесқала”, “Қуйи Сургил”, “Оралиқ”, “Кушқаир”, “Ғарбий Қуйи Сургил” ва “Қуйи Шарқий Бердақ” газконденсат конлари очилиб, 44 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 2,6 млн тоннадан зиёд суюқ углеводород захираларини кўпайтиришга эришилди. Регионда жами очилган конларнинг сони 25 тага етказилди, уларнинг умумий захиралари 395,6 млрд куб метр табиий газ, 96 млн тонна нефть ва 14,6 млн тонна газ конденсатини ташкил қилади. Устюрт регионида бундан ташқари С3 категорияли ресурслари 500 млн тоннадан ортиқ бўлган 35 дан ортиқ нефть ва газга истиқболли янги майдонлар ҳам аниқланган.
Журналистлар ва блогерлар, кенг жамоатчилик вакиллари табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида “Шимолий Бердақ” конида янги бурғиланган 115-сонли қудуқни ўзлаштириш жараёнида иштирок этишди.
Устюрт газ қазиб чиқариш бошқарма бошлиғи Олим Оринбаев ташриф буюрганларга ушбу қудуқда ўзлаштириш ишлари нима сабабдан олиб борилиши ва қудуқни ишга тушириш жараёни ҳақидаги батафсил маълумотлар берди.
Маълумот учун: Қудуқни ўзлаштириш деганда – бу қатламдан қудуққа газ оқимини чақириш, қудуқнинг унумдорлигини қатламнинг маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича ишлар мажмуасига айтилади. Бу жараёнда маҳсулдор қатлам очилиб, қудуқ туби механик бирикмалардан, бурғилаш қоришмалари ва бошқа механик жисмлардан тозаланиб норматив ҳужжатлар асосида 72 соат мобайнида машъалага ёқиб синов ишлари ўтказилади.
Қудуқни ўзлаштиришнинг асосий вазифаларидан бири маҳсулдорлик юқори бўлиши учун қудуқнинг бир хил ва максимал юқори ўтказувчанлигини тиклашдир. Агар қудуқни ўзлаштириш тўлиқ амалга оширилмаса, яъни қудуқ туби бурғилаш қоришмалари ва бошқа механик бирикмалардан тозаланмаса бу қудуқ тубидан табиий газ етиб келишига қаршилик кўрсатади.
Шунингдек турли хил механик бирикмалар газни узатиш қувурлар тизими орқали газ билан бирга оқиб келиши оқибатида газни тозалаш заводларидаги ускуналар ичига тушади. Бу ўз навбатида ускуналарнинг ишдан чиқиши ва газ тозалашга салбий таъсирини ўтказади.
Шундан сўнг Нукусдан Мўйноққача бўлган йўл давомида Пресс-тур иштирокчилари учун Орол денгизи ва унинг тарихи билан танишиш имконияти яратилди.
Энг қизиқарли онлар эса, Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан геология-қидирув бурғилаш ишлари бажарилаётган “Рагиз” конидаги 1-сонли қудуқда бўлиб ўтди. Қудуқда жадал суратларда олиб борилаётган бурғилаш ишлари жараёни, бурғилаш дастгоҳи хақида тақдимот маълумотлари билан танишилди. Бошқарма бошлиғи Олим Оринбаев журналистларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди.
Айтиш жоизки, Бошқармага қарашли конларнинг остки чуқур қисмида табиий газ захираларига эга бўлган янги қатламларнинг аниқланиши “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари учун геология-қидирув, конларни ўзлаштириш борасидаги янги йўналишларни очиб бериши билан бир қаторда, Устюрт региони бўйича табиий газ, газ конденсати захираларини ўстиришга қаратилган имкониятлар мавжудлигини кўрсатиб берди.
2022 йилнинг январь-апрель ойларида бошқарма томонидан 1 510 млн куб метр табиий газ қазиб чиқарилиб, ўсиш суръати 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 130,6 фоизни ташкил этди. Углеводородларни қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши ҳисобига 8 та қудуқ бурғиланди, 14 та қудуқ мукаммал таъмирланди, 2 та технологик объектлар қуриб ишга туширилди.
Натижада эса, қўшимча тарзда 126,2 млн куб метр табиий газ ва 2,8 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди.
Пресс-турнинг иккинчи куни журналистлар ана шундай кенг имкониятлар ва улкан заҳирага бой бўлган “Урга” конида, шунингдек, “Қуйи сургил” конидаги 23-сонли қудуқнинг эксплуатация ҳолати билан танишишди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|