“Ўзбекнефтгаз”:Конларнинг ҳолати ўрганилиб, мавжуд муаммолар бўйича тезкор таклифлар киритилмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан қишни беталафот ўтказиш мақсадида нефть ва газ қудуқларида бурғилаш ва таъмирлаш ишлари самарадорлигини ошириш, ишчиларнинг яшаш шароитларини янада яхшилашга қаратилган чоралар кучайтирилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефть ва газ қудуқларининг бурғилаш, мукаммал таъмирлаш объектларида йўналишлар бўйича иш жараёнларига амалий ёрдам бериш, ёш ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида департамент бошлиқлари ва ҳудудлардаги нефть базалари раҳбарларидан иборат “Ишчи гуруҳ” лар газ конлари ва технологик объектларида ўрганишлар олиб бормоқда. "Ишчи гуруҳ" таркибига Ёшлар иттифоқининг 24 нафар аъзоси ҳам киритилган.
Ёш кадрлардан иборат “Ишчи гуруҳ” жорий йилнинг 12 декабрь куни Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Шимолий Бердақ” конидаги 7 ва 69-сонли қудуқлари, операторлар штаби, сиқув компрессор станцияси ҳамда газни комплекс таёрлаш қурилмасига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида қудуқлардаги иш жараёнлари кўздан кечирилди, вахта режимида меҳнат қилаётган ишчиларнинг яшаш шароитлари, ётоқхоналари, озиқ-овқат билан таъминланиш ҳолати мавсумий махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари ҳамда бошқа зарурий ҳолатлар ўрганилди.
Айни пайтда “Шимолий Бердақ” конининг 7-сонли қудуғида “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ томонидан капитал таъмирлаш ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу қудуқ чуқурлиги 2850 метр бўлиб, газни қайта қазиб чиқариш мақсадида 525 метр чуқурликда сув билан ювиш ишлари олиб борилмоқда. Жами 14 нафар ишчи-ходим вахта режимида ишламоқда.
"Ишчи гуруҳ" томонидан ушбу қудуқда олиб борилган ўрганишлар давомида қудуқга бириктирилган ишчилар электр таъминоти ва озиқ-овқатлар билан ўз вақтида таъминланаётгани, ювиниш ва ётоқхоналардаги шароитлар етарли даражада эканлиги маълум бўлди.
Мазкур конга қарашли яна бир қудуқ, 69-сонли қудуқда “Устюрт қидирув бурғулаш бошқармаси” МЧЖ томонидан капитал таъмирлаш ишлар амалга оширилмоқда. Республиканинг ушбу ҳудудида об-ҳаво кескин совуб кетиши натижасида, бу ерда вахта режимида ишлаётган ишчиларнинг ичимлик сув захираси музлаб қолганлиги, бир қатор асбоб-ускуналар етказиб берилишида сусткашликка йўл қўйилганлиги ҳамда ётоқхоналарнинг ҳолати қониқарсизлиги аниқланди.
Бошқарманинг “Шимолий Бердақ” кони операторлар штабида ҳарорат даражаси совуқ бўлишига қарамасдан ётоқхоналар, ошхоналар ҳамда операторлар хонаси иссиқлик билан таъминланган. Ходимлар учун шартнома асосида “Диёр маркет” МЧЖ томонидан уч маҳал озиқ-овқатлар ўз вақтида таёрланиб берилмоқда. Ҳозирда штабдаги ягона муаммо - “Wi-Fi” интернет алоқасининг йўқлиги бўлиб турибди.
“Ишчи гуруҳ” томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаси ва объектларда аниқланган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш учун билдирилган таклифлар юзасидан ҳисоботлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисига киритилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш