“Ўзбекнефтгаз”: Татаристонда ўтказилган “Нефтгазкимё – 2022” форумида хорижий компаниялар билан бир қатор келишувларга эришилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ишчи гуруҳи 31 августдан 2 сентябрга қадар Татаристонда ўтказилган “Нефтгазкимё – 2022” форумида иштирок этишди.
Тадбирда Татаристон Республикаси Президенти Р. Минниханов сўз олиб барча хорижий давлатлардан ташриф буюрган иштирокчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Давлат раҳбарининг чиқишида асосий урғу бугунги кунда глобал бозорда жиддий чақириққа айланган декарбонлаштириш, қулай ва хавфсиз энергия таъминоти, янги энергия машрутлари, рақамлаштириш масалаларига қаратилди.
Форум доирасида “Еврокомиссиянинг декорбанлаштириш бўйича қарори, бир йил ўтгандан сўнг” мавзусида илмий амалий конференция ҳам бўлиб ўтди. Конференцияни пленар очилиши тадбирида Татаристон Республикаси Президенти Р. Минниханов, Бахрайн нефть вазири Мухаммад бин Муборак, РФ Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари А. Яновский, Сибур, Газпром компаниялари раҳбарлари иштирок этишди.
Очилиш тадбири доирасида Татаристон Республикаси Президенти Р. Минниханов билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикасида Давлат Раҳбари Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган чуқур янгиланиш жараёнлари, хусусан нефт ва газ соҳасидаги трансформация ҳамда рақамлаштириш ишлари тўғрисида сўз алмашилди, шунингдек Татаристоннинг етакчи нефть-газ компаниялари билан ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Форум доирасида ўтказилган кўргазмада “Сибур”, “Газпром”ВИНИИГАЗ”, “Транснефть”, “Татнефть”, “КМПО”, “Таграс”, “ТНГ-груп”, “Татаристон машинасозлик кластери”, “Белнефтехим”, “Белшина” каби жами 163 та компания иштирок этди.
Кўргазма “КМПО” компанияси директорининг тижорат масалалари бўйича ўринбосари И.З. Гилязов билан бўлган икки томонлама учрашувда амалдаги шартномалар ҳолати кўриб чиқилди.
Муҳокамалар якунига кўра Компания томонидан сентябрь ойида бир дона двигателни етказиб бериш, октябрь ойи якунига қадар ҳозир таъмирда бўлган 4 дона двигателларни ҳам етказиб берилишига келишилди.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ технологик объектларида узилиш ва тўхталишларни аввалдан бартараф этиш мақсадида уларни технологик аудитдан ўтказиш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. “КМПО” томонидан ушбу хизмат бўйича энг тажрибали мутахассисларини ажратиш бўйича расмий хат билан таклиф киритишга келишилди.
“Татнефть” компанияси бош директорининг ўринбосари, бош геолог Р.Р. Афлятунов билан бўлган учрашувда кичик тоннали газкимё лойиҳаларини амалга ошириш, Ўзбекистон истиқболли конларида геология қидирув ишларини ўтказиш, Ўзбекистон ҳудудида АЗСлар қуриш лойиҳаси ҳамда бурғулаш марказини ишини ўрганиш ва ходимлар малакасини ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, форум доирасида “Декарбонлаштириш диалектикаси” умумий мавзуси бўйича ўтказилган панел йиғилишида “ИГИРНИГМ” ва Давлат геология қўмитаси мутахассислари билан биргаликда Бухоро-Хива ҳудуди нефтгаз бойлиги истиқболлари мавзуси бўйича фаол муҳокамалар ташкил этилди.
Форумнинг иккинчи кунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарига маҳсулот ва хизматлар етказиб берувчи бир қатор ҳамкор корхоналар билан учрашувлар ўтказилди.
Хусусан, “ТНГ-ГРУПП” компанияси маркетинг бўйича директор ўринбосари Артём Юриков билан республика нефтгаз ҳудудларида геология-қидирув, 2Д ва 3Д сейсморазведка хизматларини, қудуқларда каротаж ва перфорация ишларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот учун таъкидлаш жоизки, мазкур компания билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида 2020 йилда Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг 30 дона қудуғида геофизик тадқиқотларни амалга ошириш бўйича 1,9 млн долларлик шартнома имзоланган.
Сентябрь ойида компаниянинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари учун тақдимот ташкил этишга келишилди, мазкур тақдимотни 15 сентябрь куни “Зеварда” сиқув компрессор станциясида бўладиган тадбир доирасида ўтказиш таклифи берилди. Шунингдек, компаниялар ўртасида кўп йиллик самарали ҳамкорликни инобатга олган ҳолда “ТНГ Груп” компанияси томонидан нарх сиёсатини қайта кўриб чиқишга келишилди.
Учрашув якунида моделлаштириш марказларида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг мутахассислари малакасини ошириш, сейсмик маълумотларни қайта ишлаш ва талқин қилишда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш бўйича биргаликдаги ишлар белгилаб олинди.
Шунингдек, “Казанькомпрессормаш” компанияси директорининг маркетинг масалалари бўйича ўринбосари Юрий Олейник билан бўлган учрашувда амалдаги шартномалар ҳолати кўриб чиқилди.
Маълумот учун: Компания билан 2022 йилнинг январ ойида 6ГЦ2-380/10-37У4 маркали компрессор қурилмаси учун эҳтиёт қисмларини етказиб бериш бўйича 53,1 млн. рубллик шартнома имзоланган. Ҳозирда шартноманинг 30 фоиз қисмининг тўлови амалга оширилиб, эҳтиёт қисмларни йил якунига қадар етказиб берилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Украинадаги геосиёсий вазият туфайли “Сумское” компанияси томонидан амалга ошириладиган таъмирлаш ишлари ўзлаштириш, “Махсусэнергогаз” иштирокида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича бир ой муддат ичида аниқ таклифлар тайёрлашга келишилди. Компания, “Ўзбекнефтегаз” АЖ томонидан ўтказилаётган тендер доирасида Муборак бошқармасининг “Гирсан” ва “Чўлқувар” конлари учун блок модулли компрессорларни етказиб бериш бўйича рақобатбардош таклифлар тақдим этиш мажбуриятини олди.
Форум кун тартибига кўра, “ПЛКГРУПП” МЧЖнинг ишлаб чиқариш базасига ташриф амалга оширилди. Мазкур компания 2011 йилда ташкил топган бўлиб, сепараторлар эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқиш, сервис хизмати кўрсатишга ихтисослашган. Компания томонидан август ойида Ўзбекистон ҳудудида маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклиф берилган ва 25 август куни Бошқарув раиснинг биринчи ўринбосари даражасида учрашув ўтказилган.
Ташриф давомида компаниянинг ишлаб чиқариш базаси дастлабки аудитдан ўтказиб, компания раҳбари Марат Ахлямов билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари эҳтиёжлари учун катта ҳажмли нефт-газ ускуналари, сепараторларни республика ҳудудида қўшма корхона ташкил этиш орқали ўзлаштириш бўйича муҳокамалар ўтказилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|