Дунёдаги энг чуқур қудуқлардан бирининг бурғилаш жараёни ўрганилди
Бугунги кунда Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон-Уйғур автоном туманида жойлашган “Тарим” конида Хитойдаги энг чуқур қудуқ бурғиланмоқда. Лойиҳа минтақадаги асосий нефт ва газ қазиб чиқарувчилардан бири бўлган Хитой миллий нефт-газ корпорацияси – "CNPC” томонидан амалга ошириляпди.
Компания томонидан сўнгги йилларда чуқурлиги 8 минг метр бўлган жами 30 та ўта чуқур қудуқ қуриб битказилган. Илғор тажрибага эга мутахассислар бу каби қудуқларни бурғилаш муддатини 600 кундан 250 кунга қисқартишга эришганлар.
Айни пайтда Хитойда бўлган “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти мутахассислари “Тарим” конида лойиҳа чуқурлиги 11 минг 100 метр бўлган қудуқни бурғилаш жараёнлари билан танишди.
Хитойлик мутахассислар билан юқори ҳарорат ва ҳаддан ортиқ юқори атмосфера босимига бардошли бурғилаш қурилмаси ҳамда уни бошқариш бўйича тажрибалари ҳақида ўртоқлашилди.
Бундай қудуқни бурғилаш олимларга Тарим ҳавзасининг ноёб геологияси ва ернинг ички тузилиши ҳақида янги маълумотлар бериш, геофизик тадқиқотлар учун маълумотлар олиш, нефт ва газнинг янги манбаларини излашга имкон беради.
Ушбу қудуқни бурғилаш 2023 йил 30 майда бошланган. Бундай чуқурликдаги қудуқни бурғилаш катта техник мураккаблик ва хавф туғдиришига қарамай, хитойликлар максимал чуқурликка 457 кун ичида етишмоқчи.
Маълумот учун, “Тарим” кони Хитойдаги энг йирик ва ўта чуқур қудуқларни ўзида мужассамлаштирган. Ушбу кондан кунига 20 минг тонна нефт, 92 миллион куб метр табиий газ қазиб олинади.