“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида куз-киш мавсумига тайёргарлик ва 2022 йилдаги пахта йиғим-терими даврида қишлоқ хўжалиги корхоналарини узлуксиз нефть маҳсулотлари билан таъминлашга доир видеоселектор йиғилиши ўтказилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Бошқарув раиси ўринбосарлари, департамент бошлиқлари, нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефт базалар раҳбарлари иштирокида 2022 йилдаги пахта мавсуми, қишлоқ хўжалиги ишлари давомида қишлоқ хўжалиги корхоналарини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга доир масалалар танқидий муҳокама қилинди.
Бошқарув раиси юртимизда 2022 йил пахта мавсумида пахта хом ашёсини ўз вақтида териб олиш ҳозирги куннинг муҳим вазифаларидан экани ҳамда мазкур тадбирларни ўз вақтида якунлаш учун қишлоқ хўжалиги корхоналарини дизель ёнилғиси билан барқарор таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Пахта терими мавсумида талаб этиладиган дизель ёнилғисини қишлоқ хўжалиги корхоналарига белгиланган тартибда узлуксиз етказиб бериш жараёнида айрим нефть база раҳбарлари масъулиятсизлик ва сусткашликка йўл қўяётгани кескин танқид қилинди.
Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун Нефть маҳсулотлари логистикаси департаменти масъуллигида ташкил қилинган “Ишчи гуруҳ” бундай ҳолат яна такрорланганини аниқласа, ҳар бир масъул раҳбарга интизомий чоралар кўрилиши белгиланди.
Шу билан бирга, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналар талабидан келиб чиқиб, зарур миқдорларда ЭКО русумли дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилиши ҳамда ҳар бир нефть базада жорий юклашдан ташқари камида 1 000 (минг) тоннадан кам бўлмаган миқдорда захира яратилиши бўйича алоҳида топшириқ берилди.
Бошқарув раиси нефть базаларда 30,0 минг тоннага яқин дизел ёнилғиси қолдиғи яратилиб, пахта терим мавсумида уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча шароитлар яратилгани, бироқ кўрилган барча чораларга қарамай Жиззах ва
Бухоро нефт базалари масъуллар томонидан жойларда ишлар тўғри ташкил этилмаганлиги таъкидланди. Шу сабабли, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилишда янги йўналишда иш ташкил қилишга келишиб олинди.
Бунинг учун аввало, республика истеъмолчиларига автобензин ва дизель ёнилғисини бир маромда етказиб бериш мақсадида, Бухоро заводидан зарур миқдорда нефть маҳсулотлари юклашни йўлга қўйиш, кунлик 2,5 минг тоннадан Аи-80 автобензини биржа савдоларига қўйиш, нархларни босқичма-босқич камайтириб бориш лозимлиги белгиланди.
Шунингдек, ушбу видеоселектор йиғилишида нефт базаларни молиявий соғломлаштириш чораларини кўриш масаласи ҳам кун тартибида кўриб чиқилди. Самарасиз ФАЁҚШлар фаолиятини қайта ўрганиш ҳамда улар учун тўлаб келинаётган ер ва мулк солиғи бўйича мониторинг ишларини ўтказиш, самарсиз автотранспорт воситаларини хатловдан ўтказиш бўйича вазифалар берилди.
Нефть базаларни молиявий томондан қўллаб-қувватлаб, уларнинг қишлоқ хўжалиги корхоналари билан мунтазам алоқаларини йўлга қўйиш, кластер раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этиш орқали мавжуд муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш ҳамда бартараф этиш кераклиги билдирилди.
Нефть базаларда нефть маҳсулотларини сақлаш, етказиб бериш учун етарли бўлган имкониятлардан кенг фойдаланиш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Нефть базалар фаолияти, амалга оширилаётган ишлар борасида жамоатчиликка ахборот етказиб бориш учун туркум мақолалар ва видеоматериаллар тайёрлаб, жамиятнинг расмий веб-сайти, ОАВ ва блогерларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали эълон қилиб бориш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Нефть базалар бўйича кўпроқ маълумотга эга бўлишлари учун жамоатчиликни доимий хабардор қилиб туриш лозимлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефть базалар иштирокида нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш, реализация қилиш масалалари таҳлилий муҳокама қилинди ва мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, маҳсулотларни сақлаш, етказиб беришда шаффофликни таъминлаш, маҳсулот ҳисобини меъёрий ҳужжатлар асосида юритиш, йўқотишларга йўл қўймаслик, аввалдан тўлов амалга оширилгандан сўнг маҳсулот етказиб бериш, харажатларни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш сўнггида, қишлоқ хўжалиги корхоналарига нефть маҳсулотларини ўрнатилган тартибда етказиб беришда узилишларга йўл қўйган нефть база раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораси, шунингдек, эгаллаб турган лавозимидан озод қилинишигача бўлган қатъий чоралар кўрилиши белгилаб қўйилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|