“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2022 йил 9 ой якунида прогноз кўрсаткичлари ижроси, белгиланган устувор вазифалар ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масалаларига оид йиғилиш ўтказилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Бошқарув раиси ўринбосарлари, департамент ва мустақил бўлим бошлиқлари, тизимдаги барча ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари, нефть базалар раҳбарлари иштирокида 2022 йилнинг 9 ойи давомида қилинган ишлар, 2022 йил учун белгиланган устувор вазифалар ва 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масалаларига оид видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Бошқарув раиси йиғилиш аввалида Тижорат департаменти бошлиғи лавозимига Феруз Асадов ҳамда Нефть маҳсулотлари логистикаси департаментига Миролимжон Каримов янги раҳбар сифатида иш бошлаганини билдириб, уларни жамоага таништириб ўтди.
Шундан сўнг, видеоселектор йиғилишидаги асосий масалалар муҳокамаси бошланиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини доимий назоратда ушлаб туриш ҳамда шайликни ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Энг аввало, қисқа муддатда табиий газ қазиб олиш ҳажмини оширишга замин яратадиган қуйидаги муҳим ишларни бажариш зарурлиги, яъни “Денгизкўл” сиқув компрессор станциясини бир ҳафта муддатда ишга тушириш лозимлиги белгиланди ва тегишли масъулларга вазифалар белгилаб берилди.
Бундан ташқари, Устюрт ҳудудидаги чуқур қудуқларни ишга тушириш, “Тегирмон” гуруҳи конларида жами 48 км газ қувурини қурилиш ишларини жорий йилнинг 25 октябрь санасига қадар якунлаш, “Жанубий Тандирча” сиқув компрессор станциясини қурилиш ва ишга тушириш ишларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бошқарув раиси жорий йилнинг 9 ойи якуни билан 24,3 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарилгани таъкидлаб, бу борада белгиланган натижаларга эришишда айрим масъуллар камчиликка йўл қўйганини ҳамда йил якунига қадар кўрсаткичлар ижроси бажарилиши лозимлигини таъкилаб ўтди.
Айтиш жоизки, конденсат қазиб чиқариш 104,3 %га, нефть 100,1 %га, бажарилди.
Геологик-техник тадбирлар бўйича, жумладан қудуқларни ишга тушириш 100,0 %, (60 та қудуқ), қудуқларни мукаммал таъмирлаш 102,6 %га, (522 та қудуқ) бажарилгани натижаси ижобий натижаларга эришилаётган бўлса-да, бунданда яхшироқ натижага эришиш учун шароитлар етарли бўлгани, аммо бундан унумли фойдаланилмагани кескин танқид қилинди.
Бошқарув раиси 9 ой давомида углеводород хом ашёсини қайта ишлаш, автобензин, дизел ёнилғиси, авиакеросин, мазут, суюлтирилган газ, полиэтилен ишлаб чиқариш бўйича режалар ортиғи билан бажарилганини таъкидлаб, йил якунига қадар белгиланган устувор вазифаларни бажариш учун барча кучларни сафарбар қилиш лозимлигини билдириб ўтди.
Йиғилишда экспорт 173,6 %га, инвестицияларни ўзлаштириш 103,3 %га, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш 179,8 %га бажарилганини эътироф этиб, айнан маҳаллийлаштириш борасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш, улар билан саноат ярмаркаларида имзоланган меморандум ҳамда шартномалар ижроси бўйича монаторинг ишларини ташкил қилиш кераклигини таъкидлади.
Табиий газ қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичлари биринчи ярим йилликда бажарилган бўлсада, 9 ой якунида қолоқликка йўл қўйилгани танқид қилинди. Жумладан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бу борада яратиб берилган шароитларга қарамасдан кунлик қазиб чиқаришда белигланган кўрсаткичларни бажармагани айтилди ҳам бошқарма бошлиғи огоҳлантирилди. Шунингдек, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бу борада камчиликлар мавжудлиги, уларни қисқа фурсатда бартараф этиш шарт эканлигини белгиланди.
Қазиб чиқаришни таъминлаш учун белгиланган муддатда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, моддий техник ресурсларни етказиб бериш, молиялаштириш каби йўналишларда ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Бошқарув раиси ҳар бир ташкилотда бош муҳандис, бош геолог, умумий масалалар бўйича ўринбосар, айримларда ишлаб чиқариш бўйича ҳам ўринбосарлари борлиги, уларнинг ҳам жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш бўйича алоҳида топшириқ берилди.
Йиғилишда барча қазиб чиқариш бошқармалари ва заводлар йиллик қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш прогнозини бажариши шарт эканлиги таъкидланиб, бу борада ҳар бир корхона раҳбарига огоҳлантирилди.
Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бўйича бурғилашдан 9 та қудуқ, мукаммал таъмирлашдан 3 та қудуқни ишга тушириш, шунингдек “Шўртан” конидаги КМПО ДКСда модернизация қилиш ишларини якунлаш, Газли бошқармаси бўйича бурғилашдан 4 та қудуқ, мукаммал таъмирлашдан 14 та қудуқни ишга тушириш, шунингдек “Тойлоқ” конида 12 км газ қувурини ишга тушириш ишлари якунлаш, Устюрт бошқармаси бўйича бурғилашдан 13 та қудуқ, мукаммал таъмирлашдан 12 та қудуқларни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда ижро интизомига оид масалалар ҳам муҳокама қилиниб, ҳар бир масъул ўзига берилган вазифани мукаммал ва виждонан бажариши лозимлиги, белгиланган муддатлар бажарилмаган топшириқлар учун интизомий чора қўлланиши таъкидлаб ўтилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|