“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллий тадбиркорлар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг фаолияти билан танишдилар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-99-сонли қарори асосида республиканинг 50 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташрифи амалга оширилди.
Мазкур ташриф давомида завод эҳтиёжлари учун зарур бўладиган маҳсулотлар, бутловчи буюм, материаллар ҳамда саноат хизматларини маҳаллийлаштириш, корхоналар ўртасида саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатиш масаласи кўриб чиқилди ва ҳамкорлик борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ташриф давомида тадбиркорларга заводнинг барча ишлаб чиқариш ускуналари ва реакторлари, уларнинг ишлаш фаолияти ва моҳияти, замонавий лаборатория, бошқарув пульти бўйича атрофлича маълумот берилди. Алоҳида ташкил этилган “шоу-рум”да эксплуатация жараёнида завод эҳтиёжлари учун зарур бўладиган ва ҳозирда импортдан етказиб берилаётган маҳсулотлар намуналари кўрсатиб берилди.
Тадбир доирасида заводга ташриф буюрган маҳаллий ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар республиканинг деярли барча ҳудудларидан ташриф буюришган бўлиб, улар билан завод учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва янги турларини ўзлаштириш бўйича 20 га яқин ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Айтиш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббус ва топшириқлари асосида жамият ва маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида саноат кооперацияси алоқаларини амалга ошириш ишларига доимий равишда устувор аҳамият бериб келинмоқда.
2022 йилда ягона кооперация портали орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 1,5 трлн сўмдан ортиқ шартномалар тузилиши, маҳаллий корхоналар билан кооперация асосида 350 дан ортиқ маҳсулот ва хизматларни ўзлаштириш бўйича “йўл хариталари” имзоланиши, шунингдек 10 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва улар импортини қисқартиришга эришиш режа қилинган.
Айнан, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар билан ҳамкорликни кенгайтириш доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан 2021 йил давомида ягона электрон кооперация портали орқали жами 137 та маҳаллий корхоналар билан умумий қиймати 32,0 млрд сўмга тенг бўлган 490 та шартномалар имзолаган.
Бундан ташқари маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ва илмий тадқиқот институтлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни заводда тажриба синовларидан ўтказиш орқали, сифат ва нарх кўрсатгичлари билан боғлиқ масаллар борасида ҳамкорликда ишлар режалаштирилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|