“Ўзбекнефтгаз”: “Rothschild & Cie” компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди
2022 йил 21 июль куни “Rothschild & Cie” компанияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: “Rothschild & Cie”- инвестиция банки компанияси. 1983 йилда Парижда (Франция) ташкил этилган.
Дастлаб “Rothschild & Cie” компаниясига “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятини трансформация жараёни ва IPOга чиқишга тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилган ишлар ва берилган маслаҳатлар учун миннатдорчилик билдирилди.
Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳининг Лондон шаҳрига сафари якунлари, шунингдек, халқаро банклар ва еврооблигациялар эгалари билан ўтказилган учрашувлар якунлари муҳокама қилинди.
“Ўзбекнефтгаз" АЖ жорий геосиёсий вазиятнинг компания фаолиятига таъсири, GTL заводида биринчи синтетик маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши, шунингдек, барқарор ривожланиш (ESG) ва корпоратив ислоҳотлар йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишларни қамраб олган инвесторлар билан глобал учрашув ўтказилишини маълум қилди.
“Rothschild & Cie” компанияси раҳбарияти “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг трансформация жараёнида илғор глобал бизнес амалиётини жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, капитал бозорларининг ҳозирги ўзгарувчанлигини ҳисобга олиб, маслаҳатчилар асосий эътиборни тайёргарлик жараёнига қаратишни ва молия бозорларидаги вазият барқарорлашгандан кейин IPOга чиқиш режаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тавсия этишди.
Шу билан бирга, компания ҳақида дастлабки ва ижобий фикрни шакллантириш учун потенциал тўғридан-тўғри инвесторлар билан 1х1 учрашувни 2022 йил охирида ташкил этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди ва халқаро бозорда газ компанияларига инвесторларнинг қизиқиши ортиб бораётгани маълум қилинди.
“Rothschild & Cie” компанияси корпоратив маданиятни ошириш, ESG ҳисоботини жорий этиш, молиявий ҳисоботларни чиқаришни тизимлаштириш, шунингдек, қарз портфелининг ҳолатини яхшилаш орқали IPOга тайёргарликни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Учрашув якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ жаҳон бозорининг ҳозирги ҳолати бўйича қисқа ҳисобот ва берилган амалий маслаҳатлар учун миннатдорлик билдирди ва инвесторлар билан режалаштирилаётган учрашувга ишлар пухта ташкил этишини айтиб ўтди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|