October 1, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда янги спорт мажмуаси ва мактабгача таълим муассасаси қуриб фойдаланишга топширилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Бухоро вилоятига 2021 йил 21-22 январь кунлари қилинган ташриф доирасида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини ривожлантириш бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарувига ҳам бир қатор топшириқлар берилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи якунлари бўйича белгилаб берилган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида “Ишчи гуруҳ” тузилиб, объектларни тезкор муддатларда ободонлаштириш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратиш чоралари кўрилди.

Ўтган давр мобайнида Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамкорлигида қилинган ишлар ўз натижасини берди ва 2022 йил 30 сентябрь куни Жондор туманида барчазамонавий қулайликларга эга бўлган объектлар фойдаланишга топширилди.

Жондор тумани аҳолиси интиқлик билан кутган учта объект, яъни мактабгача таълим муассасаси, спорт мажмуаси ва стадионнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари Шуҳрат Даулетияров, “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ директори Акбар Фазилов, жамоат ва спорт ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш керакки, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда катта техник ресурслар жалб қилиниб, замонавий бинолар қисқа фурсатда қуриб битказилди.

Маълумот учун: Бунёд этилган мактабгача таълим муассасаси 150 нафар болага мўлжалланган бўлиб, бу ерда 5 гуруҳда ўзбек, рус ва инглиз тилларида таълим олишади, бундан ташқари, улар учун ментал арифметика бўйича машғулотлар ташкил этилади.

Спорт мажмуасида спортнинг олимпия турлари бўйича машғулотлар олиб бориш учун барча шароитлар яратилган бўлиб, мазкур мажмуада дзюдо, бокс, бадиий гимнастика, кураш, футбол, баскетбол, қўл тўпи, қўл жанги, шахмат-шашка тўгараклари йўлга қўйилди.

Тадбирда спорт ривожига янги суръат бағишлайдиган, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қиладиган лойиҳани яратишда иштирок этган барчага миннатдорчилик билдирилди.

Очилиш маросимидан сўнг, меҳмонлар спорт мажмуаси ва мактабгача таълим муассасаси билан яқиндан танишиб чиқишди. Вилоят, туман фаоллари ҳамда фахрий меҳмонлар ўйин зали, спорт жиҳозлари, спорт турлари билан шуғулланиш учун бошқа шароитлар, жиҳозларнинг сифати ва функционаллиги билан танишиб, юқори баҳо беришди.

Кўтаринки руҳда ўтган очилиш маросимидан сўнг, Жондор тумани аҳолиси учун байрам дастурхони ёзилди.

Умид қиламизки, ушбу мажмуа мамлакатимиз келажаги бўлган ёшлар, уларнинг билим олишлари, спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун ажойиб имконият бўлади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|