“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги делегация Лондонда “Mitsubishi UFG” ва “DeutscheBank” халқаро банклар раҳбарияти билан учрашди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги делегация Лондондаги ташрифи давомида йирик халқаро банклар вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувлардан кўзланган мақсад, компаниянинг инвесторлари ва кредиторлари билан доимий алоқада бўлиб туриш, уларни “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг жорий молиявий-хўжалик фаолияти ва ривожланиш режалари ҳамда мунтазам хабардор қилишдир.
Ана шу учрашувлар доирасида, Бошқарув раиси бошчилигидаги делегация аъзолари “Mitsubishi UFG” ва “DeutscheBank” халқаро банкларининг Лондондаги офис раҳбарлари билан учрашиб, кўпгина молиявий масалаларни муҳокама қилишди.
Учрашувларда халқаро банклар вакилларига, Ўзбекистон Республикасида нефть-газ ва банк-молия соҳасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг умумий фаолияти, мавжуд трансформация жараёнлари ҳамда сўнгги йилларда эришилган натижалар ҳақида батафсил ахборот берилди.
Айтиш жоизки, “Mitsubishi UFG” масъуллари “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 700 миллион АҚШ доллари миқдоридаги еврооблигацияларни Лондон биржасига жойлаштирилганини ҳамда “Uzbekistan GTL” заводида маҳсулот ишлаб чиқарила бошланганини муваффақиятли ҳаракат деб баҳоладилар.
Япониядаги энг йирик молиявий гуруҳ ва дунё банклар рейтингида кучли ўнликда саналадиган “Mitsubishi UFG”, “Global Finance” журнали ўтказган сўровномага кўра 2015 йилнинг энг яхши корпоратив банки деб топилган. Албатта, бундай нуфузи баланд банк билан ҳамкорлик қилиш Жамиятнинг молиявий ҳолати мустаҳкамланишига ҳисса қўшиши шубҳасиздир.
Халқаро банк вакиллари ўз навбатида “Ўзбекнефтгаз” Ажни ўзларининг узоқ йиллик ҳамкори сифатида кўришаётганини ҳамда йирик лойиҳаларни амалга оширилишида ўз ҳиссаларини қўшишга доимо тайёр эканликларини билдиришди.
Бундан ташқари, томонлар ўтган йил март ойидаги келишувларнинг ҳозирги ҳолатини ҳам муҳокама қилишди ва бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бошқа корпоратив мақсадларни биргаликда бажариш учун қўшимча малбағ жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқишди.
“DeutscheBank” вакиллари билан учрашувда томонлар профессионал тажриба алмашишнинг истиқболли йўналишларини, жумладан турли конференциялар, семинарлар ва тренинглар ўткази, шунингдек, амалга оширилаётган лойиҳалар ва жамиятнинг турли корпоратив эҳтиёжлари учун маблағ жалб этиш имкониятларини муҳокама қилишди.
Лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини муҳокама қилиш билан бир қаторда Европа экспорт кредит агентликларидан узоқ муддатли суғурта қопламаларини жалб қилиш йўллари кўриб чиқилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ҳар бир учрашувда банклар билан доимий алоқа ва ахборот алмашинувини таъминлаш, ҳамкорликнинг барча мавжуд истиқболли йўналишларини ривожлантиришга келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, “DeutscheBank” – ходимлар сони ва активлари миқдори бўйича Германиянинг энг йирик халқаро банкидир. Молиявий барқарорлик кенгашига кўра, бошқаруви Франкфурт-Майнда жойлашган банк энг муҳим трансмиллий банклардан бири ҳисобланади.