“Бунёдкор” футбол клубининг 2023 йил футбол мавсумига муносиб тайёр бўлиши учун бир қатор ўзгаришлар амалга оширилгани юзасидан РАСМИЙ БАЁНОТ
2022 йилнинг ноябрь ойида “Бунёдкор” ФК президенти Меҳриддин Абдуллаев томонидан “Бунёдкор” футбол клуби ҳамда “Бунёдкор стадиони бинолари ва иншоатларидан фойдаланиш дирекцияси” МЧЖ раҳбариятига 2023 йил футбол мавсумига сифатли тайёргарлик кўриш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, бугунги кунда “Бунёдкор стадиони бинолари ва иншоатларидан фойдаланиш дирекцияси” МЧЖ томонидан стадионда кенг кўламли таъмирлаш, реконструкция қилиш, хусусан стадион майсасини янгилаш чоралари кўрилмоқда.
Бироқ, бугунги кунгача “Бунёдкор” футбол клуби томонидан 2023 йил футбол мавсумига тайёргарлик етарли даражада ташкил этилмади. Шу билан бирга, “Бунёдкор” футбол клуби раҳбарияти, мураббийлари, ишчи ходимлари ўртасида сўнгги вақтда носоғлом муҳит юзага келди.
Шунингдек, 2022 йил якуни билан жами 46 та ходим ва футболчилар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди (шу жумладан 21 та футболчи
(12 та аёллар жамоасидан), 7 та мураббий (аёллар жамоаси бош мураббийи), узоқ йиллардан буён клубда фаолият юритиб келган менеджер, администратор, инглиз тили ўқитувчиси ва бошқа мутахассислар).
Бу эса ўз навбатида, “Бунёдкор” жамоасининг Ўзбекистон Суперлигасининг 2023 йилги мавсумида ҳам муносиб иштирокига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Бунёдкор” футбол клуби директори лавозимида ишлаб келаётган Азиз Ҳайдаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва “Бунёдкор стадиони бинолари ва иншоатларидан фойдаланиш дирекцияси” МЧЖ директори Шерзод Ҳақбердиев “Бунёдкор” футбол клуби директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Шу билан бирга, “Бунёдкор” футбол клуби Бош мураббийи Иван Бошкович ҳамда “Бунёдкор” футбол клуби академияси директори Ислом Аҳмедовнинг клубдаги фаолиятларига клуб раҳбарияти томонидан ҳеч қандай эътироз йўқ. Улар ўз хоҳишлари ва аризаларига асосан эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Қўшимча равишда шуни маълум қиламизки, белгиланган режага мувофиқ бугун тонгда “Бунёдкор” футбол клуби ўқув-йиғин машғулотини ўтказиш учун Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетди. “Қалдирғочлар” Абу Даби шаҳрида 11 кунлик ўқув-йиғин машғулотларини ўтказишади ва йиғин доирасидан 4 та синов назорат баҳслари ўтказишлари режалаштирилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш