October 9

Маҳаллийлаштириш асосида 9,2 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди

Ўтган йилда "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан маҳаллийлаштириш дастури доирасида салмоқли натижаларга эришилди. Жами 14 та йирик лойиҳа доирасида 10,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Улар орасида қишки дизел ёқилғиси, янги турдаги авиация ёқилғиси ва маҳаллий газ хроматографи каби муҳим маҳсулотлар бор.

Жорий йилнинг январь–август ойларида эса 16 та лойиҳа доирасида қарийб 9,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланди. Бу даврда 7 та янги турдаги маҳсулот ва хизматлар ўзлаштирилди, шунингдек 9 турдаги маҳсулот учун ишлаб чиқариш қуввати кенгайтирилди.

2025 йил охирига қадар 21 та лойиҳа асосида жами 10,3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Улар орасида полипропилен, турбодетандер ва газ турбинали двигателларни таъмирлаш, янги турдаги полиэтилен компаунд каби юқори технологияли маҳсулотлар мавжуд.

Илгари сурилган маҳаллийлаштириш жараёнлари халқаро ҳамкорликда ҳам амалга оширилмоқда:

Ҳиндистоннинг “Rossari Biotech” компанияси билан МДЭА кимёвий реагентларини ўзлаштириш;

“Turbogaz Innovative Solutions” билан турбодетандер ускуналарини таъмирлаш;

Озарбайжоннинг “Saspian Drilling Fluids” компанияси билан бурғулаш реагентларини маҳаллийлаштириш;

“Drill-flot Asia” билан қудуқларни таъмирлаш ускуналарига сервис хизматлари кўрсатиш.

Россиянинг "NKZ" компанияси билан Қашқадарёда кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш;

Маҳаллийлаштириш нафақат импортни камайтиради, балки ички бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлайди ҳамда иқтисодиётнинг барқарор ўсишига хизмат қилади.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати