Мутахассислар “Ақлли шаҳар” тажрибасини ўрганишди
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Урганч шаҳрида жорий этилган “Урганч – ақлли шаҳар” лойиҳаси бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ва аҳолига хизматлар сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари лойиҳа доирасида Урганч шаҳрига хизмат сафарини амалга ошириб, тизимда қўлланилган инновацион ечимлар, реал вақт мониторинги ва сунъий интеллект асосидаги таҳлилий модуллар билан танишдилар.
Мазкур платформа орқали сув, газ, иссиқлик, чиқиндилар бошқарилади ва транспорт тизимлари ягона рақамли марказ орқали назорат қилинади. Сунъий интеллект эса носозликларни эрта аниқлаб, хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари ушбу тажрибани компания фаолиятида жорий этилаётган рақамли ечимлар билан таққослаб, сунъий интеллект технологияларининг ишлаб чиқариш самарадорлиги ва хавфсизлигини оширишдаги амалий афзалликларини таҳлил қилдилар.
Қайд этиш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳозирда SOCAR компанияси билан ҳамкорликда сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш бўйича кенг кўламли ишларни олиб бормоқда. Бу йўналишдаги инновацион ташаббуслар энергия самарадорлигини ошириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш орқали компаниянинг рақамли трансформациясини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.