October 21, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: “Schlumberger” компанияси билан 2023 йил геологик-техник тадбирлар муҳокама қилинди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида, дунёнинг йирик компанияларидан бири саналадиган “Schlumberger” вакиллари иштирокида ишлаб чиқариш йиғилиши бўлиб ўтди.

“Schlumberger” компанияси томонидан макроинвест дастурини тайёрлаш билан биргаликда Устюрт ҳудудидаги конларнинг геологик тузилишини таҳлил қилиш ва батафсил ўрганиш бўйича дастлабки натижалар кўриб чиқилди.

Бу дастур ““Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2023 йил учун мўлжалланган ишлаб чиқариш дастурини шакллантириш, таъминлаш ва созлаш” шартномаси (кейинги ўринларда Лойиҳа-2023) асосида амалга оширилмоқда.

Устюрт ҳудудидаги конларнинг геологик тузилишини батафсил ўрганиш барча геологик ҳамда геофизик маълумотлар асосида, шунингдек, сейсмик маълумотларни замонавий технологиялар (атрибут таҳлили, eXchroma технологиялари ва бошқалар) ёрдамида қайта таҳлил қилиш натижасида амалга оширилди.

Бажарилган ишлар натижасида, “Қуйи Сургил”, “Ғарбий Қуйи Сургил” ва “Қуйи Шарқий Бердақ” кўп қатламли конларининг 4500 метр чуқурликкача геологик тузилишлари аниқланди, ҳудуддаги қадимий дарёлар ўзани (палеорусло) харитага туширилди, 5000 метр чуқурликдаги жойлашган янги газ ва конденсат конларининг салоҳияти баҳоланди.

Бу ишлар Устюрт ҳудудида углеводород қазиб олишни кўпайтиришга қаратилган геологик-техник тадбирларни (янги қудуқларни бурғилаш, эски қудуқларни капитал таъмирлашни) шакллантириш жараёнида геологик хавфларни камайтириш имконини беради.

Жорий йил охирига қадар “Арслон”, “Ином”, “Шарқий Бердақ” ва “Шимолий Бердақ” конларининг ҳам геологик-геофизик ўрганиш ишларининг натижаларини тақдим этиш режалаштирилган.

2023 йилги лойиҳа 2022 йилда бошланган геологик-техник тадбирларни шакллантириш ишларини давом эттирирган ҳолда, доимий назорат олиб борилишини ҳам таъминлайди.

Режалаштирилган ишлар бўйича макроинвест дастури тузилиб, унда янги бурғиланадиган 50 дан ортиқ қудуқларнинг ўрни аниқланди, комплекс ишлов бериш учун 40 дан ортиқ номзод қудуқлар танлаб олинди ва 20 дан ортиқ технологик объектларни қуриш чора-тадбирлари баҳоланди. Бу иш конларнинг барча қудуқларнинг қазиб олиш бўйича маълумотларини, конларда қолдиқ углеводород захиралари мавжудлигини инобатга олиб конларнинг янгиланган рақамли моделларини тузишга асослангандир.

Ушбу Лойиҳани амалга ошириш натижасида 2023 йилга мўлжалланган фойдали қазилмаларни қазиб олиш имкониятларини баҳолаш ҳамда амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган геология-қидирув ишларини баҳолаш орқали фойдали қазилмалар ресурсларини яратиш имконини беради.

Бошқарув раиси ишлаб чиқариш йиғилиши якунида углеводород қазиб олишни кўпайтиришга қаратилган қўшимча геологик-техник чора-тадбирларни кўриб чиқиш зарурлиги юзасидан аниқ топшириқлар берди. Шунингдек, амалга оширилаётган геология-қидирув ишлари таҳлилини кучайтириш, қидирув бурғилаш ишларини олиб бориш учун янги углеводород майдонларини баҳолаш зарурлиги юзасидан кўрсатмалар берилди.

Узоқ муддатли истиқболда “Schlumberger” компаниясининг илғор технологияларидан фойдаланган ҳолда газни қайта ишлаш йўналишида моделлаштириш буйича ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Schlumberger” компанияларининг ҳамкорлиги икки томонлама келишув билан чекланиб қолмай, глобал характерли давлат даражасидаги стратегик таъсирга эгадир.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|