CУВНИ ИСРОФ ҚИЛМАНГ!
Сув бу – ҳаёт демакдир. Инсон ҳаётида сув энг муҳим ўринни эгаллайди. Нафақат инсониятнинг, балки бутун борлиқ, табиатнинг тириклиги ҳам сувга боғлиқ. Чунки сув ижтимоий ва маиший ҳаётимизда беминнат ёрдамчиси, қондирувчи ва тозаловчи, инсоният тараққиёти ва тириклигининг асоси ҳисобланади.
Унутмаслик керакки, ҳар қандай неъматнинг ҳам тугаш чегараси, яъни охири бўлади. Сувнинг ҳам вақти келиб тугаши ёки камайиши мумкин. Дунё миқёсида тақчил неъматга айланаётган, баъзи давлатларда олтиндан-да, қиммат турадиган, яқин келажакда нефтдан ҳам қимматроқ баҳоланиши башорат қилинган СУВнинг қадрига ета олмаяпмиз.
Қурғоқчиликнинг қанчалик даҳшатли офат эканини ҳамма яхши билади. Тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва ҳуда-беҳудага оқизиб қўйиш каби ҳолатларнинг учраётгани ўта ачинарли ҳолдир.
Ҳозирги пайтда жами 470 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига ўн миллион киши касалланиб, нобуд бўлмоқда. Биз сувни исроф қилиб юрган бир пайтда шундай халқлар борки, ичимлик сувига зор бўлиб яшаяпти, сувни ниҳоятда қиммат баҳога сотиб оляпти, уни узоқдан ташиб кeляпти. Сув олиб кeлгунча йўлда хавф-хатарларга ҳам учрамоқда. Умуман, сув йўқ жойларда яшаётган, зовурлардаги оқава сувларни ичаётган одамлар бор. Қудуқ ковласа, чучук сув чиқмаётган, ноилож шўр сувни истеъмол қилишаяпти. Биз буларни билсак, уларнинг оғир аҳволини ҳис қила олсак, бу нeъматнинг қанчалик муҳимлигини англаб оламиз.
Сўнгги йилларда теварак атроф, ер, сув ва ҳавода сезиларли ифлосланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиб, соғлом авлод учун курашиш эса барчамизнинг бурчимиздир.
Маълумот учун: бир суткада Ўзбекистон аҳолисига 6 млн. 226 минг м/куб сув етказиб берилади. Республика бўйлаб жами 65.8 минг километр сув тармоқлари ўтказилган. 10 мингдан ортиқ сув ва оқова иншоотлари мавжуд. Шунингдек, сув қувурлари орқали сувни аҳоли хонадонларига етказишда умумий сувнинг 30 фоизи йўқотилади. Хорижий давлатлар тажрибасида бу кўрсаткич 10 фоиздан пастни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз: сувларни ифлослантириш, сувтўплагич иншоотларида сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш, шунингдек сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузганлик учун:
- фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (990 минг сўмдан 1 млн 650 минг сўмгача);
- мансабдор шахсларга 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 650 минг сўмдан 3 млн 300 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Низомиддин Тошпўлатов, Экология хавфсизлиги бўлими бош мутахассиси