May 16, 2025

Энергетика соҳасида малака ва иқтидорни ривожлантириш йўллари муҳокама қилинди

“Ўзбекистон нефт ва гази – ОГУ 2025” 27-халқаро кўргазмаси доирасида “Энергетикада инсон ресурсларини режалаштириш” мавзусида панел сессияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг энергетика, саноат, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида фаолият юритаётган етакчи мутахассислари иштирок этди.

Сессиянинг модератори сифатида иштирок этган “Персон Ҳунтерс” бош директори ўз нутқида энергетика каби стратегик соҳа учун инсон ресурслари билан ишлашда узоқ муддатли режалаштириш, замонавий кўникмаларга эга мутахассисларни етиштириш ва иқтидорларни аниқлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, ёқилғи-энергетика комплекси мутахассисларининг малакасини узлуксиз ошириш дастурлари ва таълимни амалиёт билан уйғунлаштириш, ишлаб чиқариш ва хавфсизлик соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш ва уларга мос кадрлар тайёрлаш каби бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, юқори малакали мутахассисларни танлаш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари, иқтидорли ёш кадрларни жалб қилиш ва уларни соҳада олиб қолиш чоралари, келажакда талаб юқори бўладиган энергетик йўналишларни олдиндан башорат қилиш ва тегишли кадрлар заҳирасини тайёрлашга асосий эътибор қаратилди.

Панел иштирокчилари инсон ресурслари салоҳияти энергетика соҳасидаги барқарор ривожланишнинг асосий устуни эканини қайд этишди.

Сессия якунида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати