“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида истеъмолчиларни автобензин ва дизель ёнилғиси билан узлуксиз таъминлаш ишларига доир видеоселектор йиғилиши ўтказилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Бошқарув раиси ўринбосарлари, масъул департамент бошлиқлари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, “UNG Petro” корхонаси, Жамиятга қарашли барча нефт база раҳбарлари иштирокида истеъмолчиларни автобензин, нефт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларига нефт маҳсулотларини узлуксиз етказиб берилишини таъминлашга доир танқидий руҳда йиғилиш ўтказилди.
Бошқарув раиси энг аввало Жамият томонидан Республика истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, жумладан АИ-80 автобензинига бўлган талабни қондириш юзасидан барча зарурий чоралар кўрилаётганини таъкидлаб, тақчиллик, узилишлар, навбатларни олдини олиш мақсадида, маҳсулотни импорт қилиш бўйича марказлаштирилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан, “Ўзбекнефтгаз” томонидан хорижий компаниялар билан музокаралар олиб борилгани билдирилди.
Хусусан, Россиянинг “Татнефть” компанияси билан мавжуд меморандум доирасида 200 минг тонна АИ-80 автобензинини импорт қилиш бўйича келишувга эришилди ҳамда компания Бош директори Наиль Маганов билан 10 кун муддат ичида 50 минг тонна автобензин етказиб берилишига келишиб олингани таъкилаб ўтилди.
Бошқарув раиси бугундан эътиборан “Татнефть” компанияси томонидан 50 минг тонна автобензин маҳсулотини юклаш чоралари кўрилаётгани ҳам маълум қилди.
Бундан ташқари 18 январь кунидан эътиборан янги ўқув мавсуми бошланиши ҳамда автобензинга бўлган талаб янада ошиши эҳтимоли юзасидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, тизимдаги барча нефт базалар, “UNG Petro” корхонасида 24/7 режимида иш ташкил қилиш, ана шу даврда навбатчилик асосида ишлайдиган ишчи-ходимларга қўшимча шароитлар яратиш, жумладан уларни иссиқ кийим бош ва овқатланишларини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, Бошқарув раиси Республика ҳудудида декабрь ва январь ойларида об-ҳаво ҳарорати аномал совуши сабабли АИ-80 автобензинга бўлган талаб рекорд даражага етгани, шу сабабли қўшимча 80 минг тоннадан зиёд автобензин етказиб берилгани, бундан кейин ҳам талаб камаймаганини инобатга олиб ишларни ташкил қилиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Ўз навбатида, биржа савдоларига жойлаштириладиган АИ-80 автобензин ҳажмлари кескин ошириш, бугунги кунда АИ-80 автобензинга кунлик 5-6 минг тонна талабни эътиборга олиш таъкидланди.
Январь ойининг ўтган 19 кунида республика АЁҚШларига 81 минг тоннадан ортиқ ёки ўртача кунлик 4,3 минг тоннадан АИ-80 автобензин етказиб берилгани билдирилди ва нефть базалар узилишлар олдини олиш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш лозимлиги белгилаб берилди.
Бошқарув раиси Урганч, Тахиатош, Бухоро, Қарши, Мароқанд ва Навоий нефть базалар раҳбарларига ишни тўғри ташкил қилиш бўйича топшириқлар берди ва айнан мана шу ҳудудларда сўнгги кунларда талаб ошганини ҳисобга олиб қўшимча маҳсулот етказиш лозимлиги таъкидланди. Шу сабабли, барча масъуллардан шанба ва якшанба кунлари узлуксиз иш режими асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
Бугунги кунда ҳудудлар бўйича жамиятга қарашли 151 та АЁҚШлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар томонидан январь ойининг 19 кунида жами 13,9 минг тонна ёки кунига ўртача 4,8 тоннадан автобензин истеъмолчиларга етказиб берилгани айтилди ҳамда ҳар бир нефт база раҳбари вилоят ҳокимликларида ташкил этилган Штаб билан келишган ҳолда иш юритиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда Транспорт вазирли ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда автобензин маҳсулотини ташиш ҳамда етказиб бериш ишларини ташкил қилиш бўйича Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарига ҳам вазифалар берилди.
Ҳар масъул раҳбар мавжуд вазиятдан келиб чиқиб тезкор қарор қабул қилиши, ҳар бир АЁҚШ кесимида ҳолатни ўрганиб, мониторинг ишларини ташкил қилиш, аниқланган муаммолар борасида Штабга хабар бериш белгиланди.
Бошқарув раиси ҳар бир корхона раҳбари билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади ҳамда барча масалалар юзасидан таҳлил ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, 20 январь куни жами 5000 тонна АИ-80 автобензин биржа савдоларига қўйилди. Жорий ой давомида нефть базаларга жами 57689 тонна, жумладан 19 январь куни 2800 тонна Аи-80 русумли автобензин юклаб берилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш