May 16

“Қувват” мультсериалининг тақдимоти ўтказилди

O‘zbekcha Ruscha

Давлатимиз раҳбари, ҳукумат ва энергетика вазирлигининг бевосита ташаббуси, кўмаги билан мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳамда аҳолининг энергия тежамкорлик даражасини ошириш бўйича бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ушбу йўналишга узоқ муддатли инвестициялар ҳам жалб этилмоқда.

Бу борада ёш авлод ўртасида энергоресурсларни тежаш, уларда қайта тикланадиган ва экологик тоза энергия манбаларига қизиқишни уйғотиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш туйғусини янада ошириш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилган “Quvvat” лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад – аҳоли ўртасида тежамкорликни тарғиб қилиш, муқобил энергия манбалари ҳақидаги тушунчаларини кенгайтириш ва миллий ахборот маконини бу йўналишда содда ва қизиқарли аудиовизуал маҳсулотлар билан бойитишдан иборат.

Шу сабабли, “Quvvat” анимацион мультсериали ҳар бир қисми яратилишида энг аввало, сув, газ ва электр энергиясини тежаш ҳамда ундан унумли фойдаланиш бўйича ибратли амалий маслаҳатларга эътибор қаратилган.

Жорий йилнинг 16 май куни “Ўзэкспомарказ” да ўтказилаётган “Ўзбекистон нефт ва гази – OGU 2024” 26-халқаро кўргазмаси доирасида болалар ва мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган мультсериалнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Шундан сўнг мультсериалнинг рамзий қаҳрамонлари болалар билан суҳбатлашиб, сериялар ҳақидаги фикрлари билан қизиқишди. Экофаоллар иштирокида кўнгилочар интерактив ўйинлар ўтказилди.

Келгусида қайта тикланадиган муқобил энергия манбаларининг афзалликлари, қуёш панеллари, шамол станциялари, электр транспорт воситалари ва тоза энергия манбалари каби мавзуларда янги туркум қисмлар яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу анимацион мультсериал қаҳрамонлари иштирокида мобил иловалар яратиш, улардан боғча ва мактабларнинг ўқув дастурларида кенг фойдаланиш, очиқ дарслар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Бу эса, ёш авлодда энергия тежамкорлик бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уй, мактаб ва боғчаларда энергияни ортиқча исроф қилмасликни ўргатиш имконини беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook