May 16, 2025

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг рақамли трансформация стратегияси тақдим этилди

“Ўзбекистон нефт ва газ – ОГУ 2025” халқаро кўргазмаси ва анжумани доирасида “Рақамли геология-қидирув ишлари. Сунъий интеллект, рақамли эгизаклар, прогноз таҳлили” мавзусида панел сессия ўтказилди.

Унда "Honeywell", "Techenergy", "UEG" каби халқаро компаниялар вакиллари томонидан сунъий интеллект, рақамли эгизаклар ва башоратли таҳлил каби замонавий технологияларнинг нефт-газ соҳасидаги афзалликлари муҳокама қилинди.

Сессияда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг рақамли трансформация стратегияси - сунъий интеллектни жорий этишга замин яратиш” мавзусида ҳам маъруза қилинди.

Унда Жамият томонидан амалга оширилаётган рақамли ривожланиш - маълумотларни рақамлаштириш, автоматлаштириш, сунъий интеллект ва интеллектуал бошқарувни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган уч босқичли ёндашув ҳақида сўзлаб берилди.

Қайд этиш жоизки, мазкур чора-тадбирлар аллақачон қарор қабул қилиш самарадорлигини ошириш ва хавф-хатарларни камайтириш бўйича ўз самарасини бермоқда.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати