August 3, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Товар хом-ашё биржасида ички бозор учун тузилган битимларнинг умумий ҳажми қарийб 400,8 млрд сўмни ташкил қилди

Бош саҳифа Русский

Сўнгги йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ завод ва бошқармалари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси орқали сотилиши туфайли ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш борасида салмоқли ютуқларга эришилди.

Жумладан, иқтисодиётнинг муҳим ва ажралмас бўғини ҳисобланган биржа механизми ҳам сифат жиҳатдан янада такомиллаштирилиб, ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги “Товар хом-ашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 170-сонли қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низом” қабул қилиниши бунинг яққол мисолидир.

Маҳсулотларнинг реализацияси биржа орқали амалга оширилганда қуйидаги уч авфзаллик мавжуд:

Биринчидан, тадбиркорлар ҳеч қандай тўсиқларсиз, шаффоф ва эркин ҳолда биржа савдоларига иштирок этиб, зарур товар ресурсларини харид қилишади.

Иккинчидан эса, сотувчи корхоналар биржада ўтказиладиган аукционлар ҳисобига қўшимча даромад олишлари мумкин.

Учинчидан, биржада тузилган битимларнинг бажарилиши кафолатланади ва бу томонларнинг шартномавий интизомини мустаҳкамлайди.

Ана шундай ютуқлар самараси ўлароқ, 2022 йил биринчи ярим йилликда “Ўзбекнефтгаз” АЖ товар хом-ашё биржасининг “СПОТ” савдо платформасида ички бозор учун тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 314,9 фоизга ўсиб, қарийб 400,8 млрд сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, жорий йил олти ой давомида биржа савдолари орқали
қиймати 6,9 миллион долларга тенг бўлган олтингугурт ва суюлтирилган газ маҳсулотлар экспорт қилинди. Экспорт шартномаларининг бажарилиши тўлиқ автоматлаштирилди, яъни олдин экспорт шартномасини расмийлаштириш ва турли давлат инстанцияларида рўйхатга қўйиш учун 5 кундан 10 кунгача вақт талаб қилинган бўлса, ҳозирда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни 1 кунни ташкил қилмоқда.

Илғор IT-технологияларнинг биржа савдоларида кенг қўлланилиши мамлакатимизда электрон тижоратнинг B2B (бизнес ва бизнес) ва B2C (бизнес ва фуқаро) моделлари жадал ривожланиши учун муҳим замин яратиб бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилиб келинмоқда.

Юқоридаги тизимнинг тўлиқ ишга туширилиши орқали юк ташувчилар бозорида рақобат муҳити шакллантирилди ва ушбу соҳада шаффофлик таъминланди. Харидорлар бошланғич нархларни пасайишга қаратилган аукцион ҳисобига ўз харажатларини мақбуллаштиришга муваффақ бўлишди. Улар учун электрон навбатнинг шакллантирилиши биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик каби юзага келиши мумкин бўлган муаммолар бартараф этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|