“Ўзбекнефтгаз”: Қозон шаҳридаги “КМПО” заводи билан ҳамкорликда газ турбинали двигателлар капитал таъмирланди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан бошқарма ва корхоналарда углеводородларни қазиб чиқариш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини ошириш мақсадида сиқув компрессор станцияларни барқарор ишлатиш, уларнинг қувватларини тиклаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Ушбу чора-тадбирлар доирасида Муборак ва Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларига тегишли 2 дона “НК-16-18СТД” русумли газ турбинали двигателлар Татаристон Республикасининг Қозон шаҳридаги “КМПО” АЖ заводига капитал таъмирлаш учун юборилган эди.
Капитал таъмирлаш ишлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “KMPO Motorcorp” GmbH компанияси ўртасида имзоланган шартномага асосан амалга оширилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси мутахассисларидан иборат “Ишчи гуруҳ” аъзолари таъмирланган двигателларни махсус синов стендида синаш ишларида иштирок этиш ва қабул қилиб олиш мақсадида Татаристон республикасининг Қозон шаҳрига боришди.
Ташриф давомида ишчи гуруҳ “КМПО” АЖ заводининг иш фаолияти билан яқиндан танишиб, газ турбинали двигателларни капитал таъмирлаш вақтидаги техник жиҳатдан мураккаб бўлган текшириш, ҳисоблаш, йиғиш, созлаш ва синов жараёнларини ўрганиб чиқишди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ташриф мутахассислар учун хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш имкониятини ҳам берди.
Ҳозирда 2 та газ турбинали двигатель “Зеленодольский машиностроительный” заводида махсус стендга ўрнатилган бўлиб, синов ишлари бошланган. Жараёнда газ турбинали двигателларнинг капитал таъмирдан кейинги ишчи техник кўрсаткичлари текширилмоқда.
Двигателларни синов жараёнига тайёргарлик ишлари ва синов стендининг техник ҳолати синчковлик билан ўрганиб чиқилди ва синов вақтида газ турбинали двигателларни техник кўрсаткичлари ишлаб чиқарувчи заводнинг “ишлатиш қўлланмаси”га тўғри келиши бўйича қатъий талаб қўйилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|