Today

25 минг тонна тампонаж цементига бўлган эҳтиёж маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан қопланади

Самарқанд вилоятида маҳаллий цемент ишлаб чиқарувчи “China Energy International Group Samarkand Cement” қўшма корхонаси билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат кооперациясини янада кенгайтириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда. Шу доирада компания мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида жойлашган цемент заводида бўлиб, ишлаб чиқариш имкониятлари билан яқиндан танишишди.

Заводнинг йиллик қуввати 3 миллион тонна турли маркадаги цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Шу жумладан, 100 минг тонна ПЦТ-I-G-CC-1 маркали тампонаж цементи ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Айни пайтда корхонада 200 дан ортиқ ходим фаолият юритмоқда.

Маълумот учун мазкур тампонаж цементи ҳозиргача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган бўлиб, асосан хориждан импорт қилинади. “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқ корхоналарида эса йилига ўртача 25 минг тонна ушбу цементга эҳтиёж мавжуд.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ заводнинг замонавий инфратузилмаси, ишлаб чиқариш майдонлари ва лабораториялари билан танишишди. Шунингдек, корхонада энергия таъминоти учун кўмирдан фойдаланилиши ва қурилаётган парогенератор орқали мустақил ишлаш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Заводда энг сўнги технологиялар асосида ўрнатилган фильтр тизимлари орқали атроф-муҳитга зарарли таъсирнинг олди олинаётгани алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича истиқболли йўналишларни белгилаб, қўшма ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифаларни келишиб олдилар.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати