September 10

“Ўзлитинефтгаз” конларни қандай бошқаради?

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш – нафақат иқтисодий, балки экологик ва стратегик аҳамиятга эга вазифа. “Ўзлитинефтгаз” АЖ бу йўналишда илғор тажрибаларни қўллаб, углеводород конларини самарали бошқариш ва уларнинг эксплуатация муддатини узайтиришга катта эътибор қаратмоқда.

Компания таркибидаги лойиҳалаш ва мониторинг бўлими конлар ҳолатини тўлиқ назорат қилади. Унинг вазифалари конлар эксплуатацияси кўрсаткичларини тизимли таҳлил қилиш, геологик-гидродинамик назорат олиб бориш, лойиҳа ҳужжатларини янгилаш, технологик оғишларга тезкор жавоб бериш, янги қудуқларни бурғилаш ва қўшимча объектларни ишга тушириш бўйича таклифлар тайёрлашдан иборат.

Конларда қазиб олиш ҳажмининг пасайиши, қудуқларнинг сувланиши ёки захираларнинг нотекис ўзлаштирилиши каби муаммолар юзага келганда бўлим мутахассислари бу ҳолатларга мослашувчан ечимлар таклиф қилади.

“Ўзлитинефтгаз” фаолиятида рақамлаштириш муҳим ўрин тутади. Геомоделлаштириш, автоматлаштирилган маълумот йиғиш ва аналитик платформалар орқали прогноз аниқлиги ошади, қарорлар эса тезроқ қабул қилинади. Бу компаниянинг ресурс базасини барқарор ривожлантиришга йўл очади.

“Ўзлитинефтгаз” АЖ нафақат углеводород захираларидан самарали фойдаланиш, балки муҳандислик ечимлари, илмий ёндашув ва интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш орқали барқарор тараққиёт тамойилларига асосланган фаолият юритмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати